09:53 / 16.09.2024
81

Трампга навбатдаги “суиқасдга уриниш” содир бўлди

Трампга навбатдаги “суиқасдга уриниш” содир бўлди
Фото: AP Photo
Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп гольф ўйнаётган клуб ёнида отишмалар содир бўлди. Трамп отишма содир бўлган жойдан бир неча юз метр нарида бўлган ва у хавфсиз. Аммо Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) суиқасдга уриниш сифатида баҳоланган ҳодисани текширмоқда.

Трампнинг гольф клуби ёнида машинада қочиб кетган гумонланувчи қўлга олинган. Голф майдони ёнидаги бутазорда эса Калашников автоматига ўхшаш ташлаб кетилган қурол аниқланган. Президентлар ва собиқ президентларни қўриқлаш билан шуғулланадиган Махфий хизмат вакилининг айтишича, уларнинг ходими буталар орасидан чиқиб қолган қурол стволини пайқаб, ҳамкасблари билан бирга дарҳол ўт очишни бошлаган.

Шундан сўнг гувоҳ бир кишининг буталар орасидан қора Nissan’га ўтириб, қочиб кетганини кўрган. Полиция уни қўшни Мартин округига (Трампнинг голф клуби Палм-Бич округида жойлашган) олиб борадиган катта йўлда қўлга олган.

Маҳаллий полиция бошлиғининг айтишича, махфий хизмат агентларининг ўқлари унга тегмаган. Буталар орасидан оптик мўлжаллагичли АК-47 русумли автомат, иккита рюкзак ва GoPro видеокамераси аниқланган. Трамп соғ-саломат ва хавфсиз экани, ҳодиса бир неча юз метр узоқликда содир бўлгани айтилмоқда.

Гумонланувчи ким?

Расмийлар Трампга суиқасд қилишда гумон қилинаётган шахснинг кимлигини ҳозирча расман ошкор қилмаган. Аммо Америка бир қанча етакчи телекомпаниялари ва газеталари ҳуқуқ-тартибот идораларининг аноним вакилларига таяниб, бу 58 ёшли Райан Уэсли Раут эканини хабар қилмоқда.

Фото: Нew York Post
ОАВ хабарига кўра, махфий хизмат ходимлари Раутни голф ўйнаётган Трампга қарата девор орасидан автомат қуролини ўқталаётганида пайқаб қолган. Гумондор тез-тез сиёсатчиларни, жумладан Трамп ва Байденни танқид қилган. Раутнинг LinkedIn’даги профилида у Шимолий Каролина қишлоқ хўжалиги ва техника фанлари университетида ўқигани, 2018 йилда Гавайига кўчиб ўтгани айтилади. У Флоридада нима қилганини полициячиларга тушунтира олмаган.

Оқ уй муносабати

Оқ уй президент Жо Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис воқеадан хабардор эканини маълум қилди.

Уларга собиқ президент Трамп голф ўйнаган Trump International Golf Course халқаро гольф клубида хавфсизлик билан боғлиқ ҳодиса ҳақида маълумот берилди. Улар унинг хавфсиз эканини билиб, енгил тортишди”, дейилади Оқ уй хабарида.

Демократик партиядан Трампнинг бўлажак сайловлардаги рақиби Камала Ҳаррис кейинроқ воқеа юзасидан баёнот берди.

Менга собиқ президент Трамп ва унинг Флоридадаги мулки яқинида отишмалар ҳақида хабар беришди ва у хавфсиз эканидан хурсандман”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида ва “Америкада зўравонликка ўрин йўқ” деб қўшимча қилди.

Трамп: “Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман”

Дональд Трампнинг штаби воқеадан сўнг собиқ президентнинг баёнотини эълон қилди.

Яқин атрофимда ўқ овозлари эшитилди, аммо миш-мишлар тарқалишидан олдин шуни эшитишингизни хоҳлайман: Мен соғ ва саломатман!. Мени ҳеч нарса тўхтата олмайди. Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман! Мени қўллаб-қувватлаганингиз учун сизни доимо севиб қоламан”, деб ёзган Трамп.

Бироз олдин унинг сафдошларидан бири, Жанубий Каролинадан республикачи сенатор Линдси Грем Х тармоғида собиқ президент билан гаплашгани ҳақида хабар берган.

У мен таниган энг кучли инсонлардан бири, у мамлакатимизни қутқариш учун ҳар қачонгидан ҳам қатъиятли”, деди у.

Трампга биринчи суиқасд

Трампнинг ҳаётига суиқасд 13 июль куни Пенсильванияда сайловчилар олдидаги нутқи вақтида содир бўлган. Суиқасдни 20 ёшли Томас Метью Крукс амалга оширгани аниқланган. У собиқ президентга бир неча бор ўқ узган.

Фото: AP Photo
Ўқлардан бири сиёсатчининг қулоғига тегди. Отишмада митинг иштирокчиларидан бири ҳалок бўлган, яна икки нафари оғир яраланган. Томас Метью Крукс ўша заҳотиёқ Махфий хизмат ходимлари томонидан ўлдирилган. Суиқасд ортидан АҚШ Махфий хизмати раҳбари Кимберли Читл истеъфога чиққан.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампга навбатдаги “суиқасдга уриниш” содир бўлди