Фото: Reuters
Фаластинни озод этиш халқ фронти Байрутнинг Кола туманига зарба йўлланиши оқибатида уч нафар етакчиси ҳалок бўлганини маълум қилган. Воқеа жойидан олинган кадрларда кўп қаватли турар жойнинг қаватларидан бири вайрон бўлгани акс этган. Зарбадан кейин бу ерда ёнғин бошланган.
AFP маълумотига кўра, қурбонлар орасида — Фаластинни озод этиш халқ фронти гуруҳи хавфсизлик хизмати бошлиғи Муҳаммад Абдул-Аал ҳам бор.
Бу жорий эскалация давомида шаҳар ичкарисига йўлланган илк зарба бўлди — бунгача исроиллик ҳарбийлар асосан Байрут шаҳрининг «Ҳизбуллоҳ» объектлари жойлашган жанубий чеккаларини ва Ливаннинг бошқа ҳудудларини ўққа тутиб келаётганди.
Фаластинни озод қилиш халқ фронти — Исроилга қарши курашда иштирок этувчи ҳарбийлашган гуруҳдир (у АҚШ, Канада, Евроиттифоқ ва Буюк Британияда террорчилик ташкилоти деб тан олинган).
Воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, кўп квартирали уй қаватларидан бирига аниқ зарба берилган. Фото: Anadolu/Getty Images
Ўз навбатида, Ҳамас Ливандаги етакчиси Фотиҳ Шериф Абу ал-Амин рафиқаси, ўғли ва қизи билан биргаликда ҳалок бўлганини маълум қилди. Душанба тонгида Ливан жанубидаги Тир шаҳрида фаластинлик қочқинлар лагерида унинг уйи зарбага учраган.
Исроил мудофаа армияси ҳозирча бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмади. Тунда ЦАҲАЛ фақат «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан шарқидаги объектларига зарбалар йўллангани ҳақида хабар берганди.
Сўнгги ҳафталарда Исроилнинг ёпирилма зарбалари оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали кўплаб аъзолари, шунингдек гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди — у шанба куни Байрут жанубидаги Даҳия туманига йўлланган зарба қурбонига айланган.
Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ»га 1992 йилдан, олдинги бош котиби Аббос ал-Мусавий исроилликлар авиазарбасидан ҳалок бўлганидан буён раҳбарлик қилиб келарди. Ҳамас каби «Ҳизбуллоҳ» ҳам Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ва молиялаштирилган.
Байрутнинг жанубий чеккасида якшанба кунги вазият. Фото: Reuters
Якшанба куни Исроил Яманда ҳусийчиларнинг позициялари бўйлаб ва Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг ўнлаб объектларига зарбалар йўллаганди.
Ҳусийчилар вакили мамлакат ғарбидаги денгиз порти ҳамда электр станцияларга ҳужумлар оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлиб, 33 киши яраланганини маълум қилган.
Исроил ҳукумати Яман бўйлаб зарбаларни ҳусийчиларнинг яқинда амалга оширган ҳужумларига жавоб деб атаган. Уларнинг маълумотига кўра, Эрон қуролларини ташиш учун фойдаланилган объектлар йўқ қилинган.
Ҳусийчиларнинг Олий сиёсий кенгаши зарбаларни «шафқатсиз тажовуз» деб атаган. У «жавоб муқаррарлиги»ни таъкидлаган.
Исроиллик ҳарбийлар якшанба куни ҳам «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан жануби ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги позициялари бўйлаб зарба беришни давом эттирганди. Якшанба куни кечқурун улар жами 120 та объектга зарба йўлланганини маълум қилишди.
Ливан ҳукумати якшанба куни исроилликларнинг зарбалари оқибатида камида 105 киши ҳалок бўлиб, 350 киши яралангани ҳақида хабар берган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги икки ҳафта давомида йўлланган зарбалар мингдан ортиқ ливанликнинг ҳаётига зомин бўлгани, 6 минг киши яралангани ҳақида хабар қилган, аммо қурбонларнинг қанчаси тинч аҳоли вакиллари эканига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, расмийлар миллион киши — мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми — ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганини билдирган.
Исроил юришни давом эттиришини ваъда қилмоқда ва бундан мақсад мамлакатнинг шимолий ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш эканини айтмоқда, мазкур ҳудудлар аҳолиси «Ҳизбуллоҳ»нинг мунтазам ракета зарбалари туфайли хавфсиз жойларга кетишга мажбур бўлган.
Вашингтон можарони дипломатик йўл билан ҳал этишга чақиришда давом этмоқда. АҚШ президенти Жо Байден журналистлардан бирининг Яқин Шарқда кенг кўламли урушдан қочиш мумкинми, дея берилган саволига жавобан шундай деди: «Қочиш керак». У шунингдек, яқин вақтлар ичида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан музокаралар ўтказишни режалаштирганини айтган.
Воқеалар ривожи
17–18 сентябр. Бутун Ливан бўйлаб «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига тегишли пейжерлар ва рация воситалари портлаб, камида 39 киши ҳалок бўлди ва минглаб кишилар яраланди. Бу портлашлар ортида Исроил тургани айтилмоқда, аммо Тел-Авив бунинг учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган.
20 сентябр. Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут жанубидаги таянч пунктларига зарбалар йўллади, бунинг натижасида 55 киши ҳалок бўлди, жумладан юқори мартабали қўмондонлардан бири ҳам.
23 сентябр. Исроил Ливанни ёппасига ўққа тутиб, «Ҳизбуллоҳ»нинг мамлакат жануби, шарқи ва пойтахтдаги 1300 объектига зарба йўллади. Бир кун ичида 550 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
25–26 сентябр. БМТнинг Ню Йоркдаги саммитида жаҳон давлатлари етакчилари вазиятни юмшатишга чақирди. Исроилнинг иттифоқчилари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Евроиттифоқ ўт очишни вақтинча тўхтатишга чақирувчи коалиция шакллантирди. Исроил бу таклифни қабул қилмади, «Ҳизбуллоҳ» ҳам эътиборсиз қолдирди. Ливанда қурбонлар сони 630 кишидан ошди.
27 сентябр. Нетаняҳу БМТ саммитида чиқиш қилиб, «Ҳизбуллоҳ»ни енгиш»га ваъда берди. Исроил гуруҳнинг Байрутдаги қароргоҳига ҳужум қилди, бунинг натижасида унинг раҳбарияти аъзолари ҳалок бўлди, қурбонлар орасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳам борлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
28 сентябр. ЦАҲАЛ Насруллоҳ ўлдирилганини эълон қилди, бир неча соат ўтиб бу фактни «Ҳизбуллоҳ» ҳам тасдиқлади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди