00:30 / 03.10.2024
54

Ливан жанубига босқин: Исроил ҳарбийлари қуруқликдаги жангларни бошлади, илк қурбонлар бор

Ливан жанубига босқин: Исроил ҳарбийлари қуруқликдаги жангларни бошлади, илк қурбонлар бор
Baz Ratner / AP / Scanpix / LETA
Исроиллик ҳарбийлар Ливан жанубида қуруқликдаги жангларни олиб бормоқда ва бир вақтнинг ўзида бир неча ҳудудда «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши амалиётлар ўтказмоқда, дея хабар берган ЦАҲАЛ сўнгги баёнотида. Исроил армияси жанглар вақтида аллақачон саккиз нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Исроил мудофаа армияси «Ҳизбуллоҳ» билан жангларда яна етти нафар ҳарбийси яраланганини маълум қилган.

«Коммандос кучлари, жумладан „Эгоз“ бўлинмаси аскарлари „Ҳизбуллоҳ“нинг жанговар тузилмасини аниқлади ва яксон этди… Қуруқлик қўшини Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда аниқ йўналтирилган ўқ-дорилар ҳамда яқин масофадаги жанглар орқали террорчиларни йўқ қилиб, террорчилик инфратузилмаларини яксон этди», — дейилган армия баёнотида.

Бундан ташқари, олдинроқ берилган авиазарбалар оқибатида «150 дан ортиқ террорчилик инфратузилмаси объектлари йўқ қилингани» маълум қилинган.

Куннинг биринчи ярмида ЦАҲАЛ Ливанда қуруқлик амалиёти бошланганидан кейин ҳалок бўлган илк аскар ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганди. Бу партизанлик ҳаракатларига қарши курашиш учун ихтисослашган махсус топшириқли бўлинмаларнинг элита отряди ҳисобланган «Эгоз» бўлинмаси гуруҳи командири, 22 ёши капитан Эйтан Ицхак Остер бўлган.

Ливан армиясининг ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хабарида айтилишича, Исроил қўшини Ливан жанубида тахминан 400 метр масофада кириб бориб, Исроил ва оккупация қилинган Жўлан тепаликлари ҳудудини Ливандан ажратиб турувчи, БМТ томонидан назорат қилинадиган «ҳаворанг чизиқ»ни бузиб ўтган.

Исроил қўшини «маълум вақт ўтиб ортга чекинди», дейилган хабарда.

«Ҳизбуллоҳ» вакили Ливан жанубида Исроил мудофаа армияси билан бугунги тўқнашувлар «урушнинг биринчи босқичининг бир қисми» бўлганини айтган.

«Бизнинг кучларимиз ва қаршилик ҳаракати жангчилари душмандан ҳимояланишга тўла тайёр», — деган «Ҳизбуллоҳ» вакили Муҳаммад Афиф Reuters ва NBC агентликларига.

Афиф «Ҳизбуллоҳ»да Исроил армияси билан жанглар учун етарлича қурол-яроғ борлигини қўшимча қилган.

«Ҳизбуллоҳ» ҳам ўз жангчилари Ливан жанубидаги Ярун қишлоғини ўраб олишга ҳаракат қилган исроиллик ҳарбийларнинг бир қисмини йўқ қилганини тасдиқлаган.

Хабарда айтилишича, маҳаллий вақт билан туш маҳалида «Ҳизбуллоҳ» жангчилари портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган ва бундан исроиллик ҳарбий хизматчилар жабрланган.

Гуруҳ кун давомида учинчи бор Исроил армияси билан тўғридан тўғри тўқнашув ҳақида хабар берган. Бунгача гуруҳ Ливаннинг Марун ал-Рас шаҳрига «кириб келган» исроиллик ҳарбийлар билан қуролли тўқнашув ҳақида хабар берганди, бу шаҳар Ярун қишлоғидан тахминан 5 км шимоли-шарқда жойлашган.

ЦАҲАЛ буни ҳам, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари билан бошқа тўқнашувлар ҳақидаги хабарларни ҳам тасдиқламаган.

Исроил Ливан билан чегарага қўшимча қўшин юборишда давом этмоқда
Исроиллик ҳарбийларга кўра, чегарада Исроил қўшини ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида отишмалар кучайгани туфайли қўшимча бўлинмаларни юбориш қарори қабул қилинган.

Исроиллик ҳарбийлар 36-дивизиянинг пиёда ва зирҳли танк қўшинлари, жумладан «Голани» бригадаси, 188-зирҳли танк бригадаси ва 6-пиёдалар бригадаси душанба куни Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» объектларига қарши бошланган «локал, мақсадли рейдлар»га қўшилган.

Чоршанба тонгида ЦАҲАЛ Ливан жанубидаги 25 га яқин қишлоқ аҳолисини эвакуация қилиш бўйича навбатдаги огоҳлантиришни юборди.

Армия вакили Авихай Адраи томонидан ижтимоий тармоқларда араб тилида тарқатилган огоҳлантириш Ливан жанубидаги илк тўқнашувлар ортидан пайдо бўлган.

Унда айтилишича, исроиллик ҳарбийлар Ливан аҳолисига зарар етказишни истамайди ва улар зудлик билан Исроил билан чегарадан 50 км масофадан ўтган Авали дарёси ортига эвакуация бўлиши лозим. Авали бошқа бир дарё, Исроилнинг Ливандаги қуруқлик амалиёти учун эҳтимолий чегара сифатида қаралаётган Ал-Литаний дарёсидан шимолроқдан оқиб ўтади. Ал-Литаний Исроил билан чегарадан тахминан 40 км масофадан ўтган.

2 октябр тонгида Исроил шимолида ракета зарбаси хавфидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради.

ЦАҲАЛ Исроилнинг Ливан билан чегараси яқинидаги Ҳайфа ва Ғарбий Галилей аҳоли яшаш манзиллари ҳудудларида тревога элон қилган. Кейинроқ Исроил нашрлари армия вакилларига асосланиб, чоршанба куни тонгда Ливандан Исроил жануби томон 100 га яқин ракета учиргани ҳақида хабар тарқатди.

BBC’нинг Яқин Шарқ бўйича бўлими муҳаррири Себастян Ашернинг қайд этишича, Исроил Ливанга қўшимча қўшин киритиши шуни англатадики, Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши чекланган амалиётлари доирасидан чиқиши мумкин.

Шу вақтга қадар Исроил мудофаа армияси ўз мақсади Исроил шимолидаги аҳолиси ўз уйларига қайтиши хавфсизлигини таъминлаш учун Ливандаги гуруҳнинг чегара яқинидаги инфратузилмаларини йўқ қилиш билан чекланишини айтаётганди.

Исроил томони Байрут ва Ливаннинг бошқа шаҳарларига қадар боришни кўзда тутувчи йирик юриш режалаштирмаётганини билдирган. Лекин сўнгги соатларда Исроил Байрутнинг жанубий чеккаларига бир неча бор зарба йўллади.

Қочқинлар оқими

Ливаннинг жанубий ҳудудларидан бўлган қочқинлар кўчаларда яшамоқда
БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича қўмитасига кўра, Исроил Ливан бўйлаб авиазарба йўллашни бошланганидан кейинги даврда 100 минг атрофида ливанлик ва мамлакатда вақтинча яшаб келган сурияликлар қўшни Сурия ҳудудига ўтишган. «Ва оқим тўхтамаяпти», — дея ёзган қочқинлар масалалари бўйича олий комиссар Филиппо Гранди Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Британия фуқаролигига эга бўлган юзлаб ливанликлар Лондондаги аэропортларга келишмоқда. Уларнинг кўпчилиги узоқ вақтгача уйга қайта олмаслигини айтишмоқда.

«Вазият кескинлашиб бормоқда. Ливанда аслида хавфсиз ҳудуднинг ўзи йўқ. Ҳар қандай ҳудудга ҳужум қилиниши ва зарба берилиши мумкин», — деган душанба куни Британияга ўз онаси ва фарзандлари биланн келган ливанлик Натали Кессервани.

Учиб келаётган ливанликлар Байрут аэропорти ишлаётгани, аммо мамлакатдан учиб кетишни истовчилар сони маҳаллий авиакомпанияларнинг имкониятларидан сезиларли даражада ошиб кетганини айтишган, чунки кўплаб хорижий авиакомпаниялар парвозларни тўхтатган.

«Одамлар аэропорт дарвозалари олдида, аэропорт атрофида ухлашмоқда. Нима учунлигини билмайман, ёки уларнинг яшашга жойи йўқ, ёки улар шунчаки яқин рейсни кутишмоқда», — деган Байрутдан Лондонга рейс орқали учиб келган йўловчилардан бири.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ливан жанубига босқин: Исроил ҳарбийлари қуруқликдаги жангларни бошлади, илк қурбонлар бор