08:18 / 08.10.2024
53

Ғазодаги урушга бир йил. Ҳамас мақсадига эришди, Исроил-чи?

Ғазодаги урушга бир йил. Ҳамас мақсадига эришди, Исроил-чи?
Ҳаракат ал-Муқавама ал-Исламия (Ҳамас) ташкилоти ва Фаластин озодлиги учун курашаётган яна бир нечта қуролли гуруҳлар бундан роппа-роса 1 йил муқаддам Исроилнинг тарихий зулми ва босқинчилигига жавоб сифатида энг катта ҳарбий операциясини амалга оширган эди.

2023 йилнинг 7 октябр тонгида, 20 дақиқа ичида Ғазо секторидан Исроилга қарата 5000 дан ортиқ ракета отилган эди. Ракета зарбалари ва сектор атрофидаги яҳудий аҳоли пунктларига қилинган ҳужумлар оқибатида шу куни Исроил томонидан 1 139 киши, хусусан 700 га яқин тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, 251 киши асирга олинди.

Исроилнинг жавоб зарбалари ва Ғазога бостириб кириши ортидан эса 42 мингга яқин фаластинлик – уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари – қурбон бўлди, 100 мингга яқин киши яраланди. Ғазо бўлгасининг инфратузилмаси яксон қилинди, 2 миллион аҳоли яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлди.

“Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқдаги вазият ўзгаришлари бўйича экспертлар фикрлари бериб борилмоқда. Дастурнинг навбатдаги сонида сиёсий таҳлилчиларга урушнинг бир йиллиги муносабати билан қатор саволлар билан мурожаат қилинди.

- Ҳарбий ва разведка соҳасида дунёда етакчи деб билинадиган Исроил Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумини қандай қилиб сезмай қолди?

Шавкат Икромов: Яқин Шарқда бўладиган воқеаларни тасодифий деб баҳолаш қийин. Бу ҳатто кичик воқеа бўлса ҳам. Ҳар қандай ҳаракат йирик кучлар манфаатига мос келса ва уларнинг ниятини ифодаласагина содир бўлиши мумкин. Бу жуда ўйланган, келишилган, мавжуд сценарий асосида содир бўлаётгандек кўринади.

Агар қўлимиздаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, бу урушга Исроил томони деярли тайёр эди. Ҳаттоки Исроил зарбалар бошқа такрорланмаслиги ҳақида ҳам эълон қилганди. Бу билан айтмоқчиманки, Ҳамаснинг ҳужумларидан Исроил бехабар эмас эди. Чунки маълумотлар, мантиқ шунга ишора қилади. Шунингдек, Ҳамаснинг ҳаракатларидан “Ҳизбуллоҳ”, “Ҳизбуллоҳ”нинг режаларидан Эрон доимо огоҳ бўлган. Буни пейжерлар воқеасидан ҳам билиш мумкин. Бу воқеа Ҳамаснинг ичида ҳам Исроилнинг одамлари борлигини кўрсатиб қўйди. Исроил Ҳамаснинг ҳаракатларидан хабардор бўлиб, кейинги сценарийларга тайёргарлик кўра бошлаган эди. Яъни Ғазога, Ливан жанубига бостириб кириш каби ҳаракатлар учун 7 октябрдаги ҳужум асос қилиб олинган эди.

Бу ҳаракатлар Исроил учун тасодифий бўлмаганининг яна бир далили сифатида Исроилнинг ўтган бир йил давомида ҳатто вақтинчалик оташкесимларга ҳам розилик бермаганини келтириш мумкин. Шунингдек, асирларни қутқариш борасида ҳам қилинган ваъдалар амалга оширилмади, бу ҳам Исроилнинг ушбу ҳужумларга аввалдан тайёргарлик кўрганини билдиради. Биз 2023 йил октябрдаги таҳлилларимизда ва чиқишларимизда бу ҳужум Исроил учун кутилмаганда содир бўлди деган фикрларни айтиб ўтган эдик, аммо ҳозирги маълумотлар унинг тескарисини кўрсатиб турибди.

Бектош Бердиев: Ҳамас бу ҳужумга аввалдан жиддий тайёргарлик кўрган. Ҳамас ва Эрон вакиллари Байрут, Теҳрон ва Суриянинг баъзи минтақаларида учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳужум режасини биргаликда тузишгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳамаснинг чекланган аъзоларигина бу воқеадан хабардор эди, бу аъзоларни Исмоил Ҳания, уч қўмондон ва ҳужумни амалга ошириши керак бўлган баъзи ҳарбийлар ташкил этарди.

Исроил томонидан қўлга тушган ҳарбийлар тергов жараёнида “Биз охирги сонияларгача қаерга ҳужум қилишимизни билмас эдик”, деган фикрларни айтиб ўтишгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Дунёнинг энг кучли разведкаси сифатида тан олинадиган Моссадда ҳам доимий мониторинг қилиш имконияти чекланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

- Қанчадан қанча лидерлар келиб-кетди, лекин 75 йилдан ошдики бу низонинг охири кўринмайди. Хўш, Ҳамас ва Исроил қандай мотивлар билан жанг қиляпти?

Камолиддин Раббимов: Бу уруш нафақат Ҳамас ва Исроил уруши, балки Фаластин ва Исроил уруши ҳам. Буни цивилизацион уруш деб ҳам ҳисоблаш мумкин. Исроил яҳудий давлати сифатида, ўзини монотеизмнинг маркази деб ҳисоблайди. Фаластин аҳолиси эса этник араблар – мусулмонлардан ташкил топган. Бу иккиси ўртасидаги уруш монотеизмнинг, ҳақиқатнинг марказида ким туради, монотеизмнинг бугунги кундаги вориси ким, деган зиддиятларга бориб тақалади. Фақат ер учун эмас, асосан геомафкуравий кураш кетмоқда.

Ҳамас – бу курашнинг таркибий қисмларидан биридир. Ҳамас бўлмаганда ҳам бошқа куч бу майдонга чиқади. Исроилга қаршилик кўрсатиш шу давргача тўхтамаган. Ҳамас 1980-йилларда ташкил топган бўлса, Исроил давлати 1947 йилда дунё майдонидан жой олган давлат. 1970-йилларгача араб давлатлари Исроилга қарши курашган бўлса, кейинчалик бу курашни Ҳамас, “Ҳизбуллоҳ” сингари ҳаракатлар давом эттириб келмоқда ва назаримда, бу низонинг барча томонларни тўлиқ рози-ризо қиладиган ечими мавжуд эмас.

Шавкат Икромов: Исроил бу уруш орқали тинч аҳолининг ҳалок бўлишига, минтақа ва дунё геосиёсатининг ўзгаришига сабабчи бўлди. Ҳамаснинг асосий мотиви – Исроилни урушга жалб қилиб, уни обрўсизлантириш ва Фаластин заминининг эгаси кимлигини эслатиш эди. Ҳамас ўз стратегик мақсадларига эришди ҳам. Ҳар икки томондан ким ўз мақсадларига эришди деган саволга жавоб сифатида Ҳамасни айтиш мумкин. Яъни Исроилнинг орқасида турган давлатларнинг асл мақсадлари нима эканини халқаро ҳамжамиятга кўрсатмоқчи эди ва Ҳамас бу ниятига етди.

Аммо Ҳамас 40 мингдан ортиқ тинч аҳолини қурбон қилди, ўз инфратузилмасини кучсизлантирди, аскарлар, қурол-яроғ бўйича заиф ҳолатга тушиб қолди. Уруш мобайнида бирор кучли зарба билан Исроилга қаршилик кўрсата олмади. Лекин ўз доктринасида ёзилган мақсадга эриша олди.

Яқин Шарқда тўс-тўполон бошланган вақтда можарога Россия ва Эрон биргаликда, жаҳон ҳамжамиятини Украинадаги урушдан чалғитиш мақсадида туртки берган деган тахминлар ҳам бор эди. Украинадаги ҳаракатлари учун Россияни танқид қилаётган Ғарбнинг Исроилни қўллаши икки томонлама стандартларни очиқ кўрсатиб қўйганди. Хўш, Ғазодаги урушнинг бошланишига Эрон ва Россия биргаликда туртки бергани ҳақидаги дастлабки тахминлар ўзини оқладими?

Камолиддин Раббимов: 7 октябрда Ҳамас Исроилга ҳаво, денгиз ва қуруқликдан ҳужумни амалга оширди. Бу ҳужумни кузатиб турган мутахассислар бунинг орқасида ташқи кучлар турганини бир овоздан таъкидлашди. Исроил эса тўплаган маълумотларига кўра Ҳамас бундай ҳужумни амалга ошира олмайди деб ёки ушбу ҳужумдан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланамиз дея умид қилган бўлиши мумкин. Россия ва Эрон сўзсиз бу вазиятдан фойдаланмоқда. Россиянинг асосий мақсади – кўп қутбли дунёни шакллантириш ҳисобланиб, Американинг глобал ҳокимиятини заифлаштиришдир. Ғарбга қарши давлатларнинг салоҳиятини кўпайтириш орқали глобал дунёда кўп қутблиликни шакллантириш. Эроннинг манфаати ҳам худди шундай. Россия ва Эроннинг Ҳамасга ёрдам бергани ҳақидаги расмий маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.

Бу уруш Россия ва Эроннинг манфаатларига жавоб беради: кўп қутбли дунё шаклланиши жараёни тезлашди. 7 октябргача араб давлатларининг кўпчилиги Украина атрофида бирлашаётган эди, аммо Зеленскийнинг шошмашошарлик билан Ҳамас ва “Ҳизбуллоҳ”ни танқид қилиб чиқарган баёнотлари Россия фойдасига ишлади. Эрон ҳам ўз мақсадига эришмоқда: Яқин Шарқдаги беқарорлик Исроил ва Американинг минтақадаги мавқейини анчагина заифлаштирди.

Бектош Бердиев: Ғазодаги масалаларда Россиянинг қўли бор деб айта олмаймиз. Чунки Россия Украина билан овора бўлиб келмоқда. Эрон эса Исроилнинг жазоланишидан манфаатдор давлат сифатида Ҳамасни илҳомлантирган, уни молиявий қўллагани эҳтимоли албатта юқорилигини эътироф этиш мумкин.

- Ҳамас-Исроил уруши бошлангандан бир неча кун ўтиб, Саудия Арабистони расмийлари Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш (аср келишуви) бўйича музокараларни тўхтатди, Эроннинг прокси гуруҳлари ўзини эслата бошлади, Қатар дипломатик фаоллашди, Туркиядан жиддий риторик садолар янгради. Хўш, Ғазо-Исроил уруши минтақадаги сиёсий мувозанатга қандай таъсир қилди?

Ҳамид Содиқ: Бугунги кунда Исроил Ғазони эгаллаганидан мамнун бўлиб турган вақтда, Эрон ҳам буни қабул қилиш орқали қуйидаги фикрларни Исроилга таъкидлаётгандек: “Сенинг қудратинг, молиявий аҳамиятинг, бутун дунёга таъсир кўрсатиб турган кучинг нуқтайи назаридан, эгаллаб турган ҳудудларинг жуда ҳам кам. Биз буни тан оламиз”. Эрон Исроилга ҳужум қилишдан олдин Американи огоҳлантирди, бу – Исроилни огоҳлантириш дегани ҳам. Ўзаро келишув туфайли Ҳамас сиёсий бошлиғи Исмоил Ҳания ва “Ҳизбуллоҳ” раҳбарларининг ўлдирилиши кабиларга Эрон етарлича қаршилик кўрсатмаяпти.

Камолиддин Раббимов: Ғазо ва Исроил атрофидаги геосиёсий жараёнлар бир неча марта ўзгарди дейиш мумкин. 2023 йилнинг ноябр-декабр ойларида Исроил ғарб учун мисоли жабрдийда ролидаги давлат бўлиб кўринди. Мана шу жараёнда Исроил Ғазога мисли кўринмаган зўравонликни амалга оширди. Натижада дунё ҳамжамиятнинг фикри Фаластин томонга оғиб бошлади. Бугунги кунда Исроил ҳарбий зўравонликни амалга ошираётган давлат сифатида Ғарбдаги бир неча давлатлар қаршилигига учрамоқда. Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши БМТ судига киритган даъвосини ғарб давлатларининг бир нечтаси қўллаяпти ҳам.

Саудия Арабистони қуролли гуруҳларни ёқтирмайди, жумладан, Ҳамасни ҳам. Аммо у Фаластин давлати тузилмас экан, биз ягона келишувга эриша олмаймиз деган фикрга келиб бўлганини тасдиқламоқда. Қатар эса доим Фаластин томонда эди. Мисрнинг позицияси бошида Исроилга ён босиш шаклида бўлган бўлса, кейинчалик бир томонлама Ғазога ёрдам беришни бошлади. Агар Рафаҳ пункти очилса, ғазоликлар Мисрга кириб бориши ва бу орқали Исроил ғалабага эришиши мумкин. Шу сабабли Миср иккиламчи сиёсатни амалга оширмоқда.

Ҳозирги келиб қатор давлатлар, масалан Япония ҳам ўз позициясини Фаластин томонга ён босиш ва Исроилни ўта ваҳший давлат сифатида тан олиш орқали ўзгартирмоқда.

- Халқаро ҳамжамият эътибори кўпроқ Ғазога қаратилган бир вақтда, кўчманчи яҳудийлар Ғарбий соҳилни ноқонуний эгаллашда давом этмоқда. Суриштирувларга кўра, фаластинликларни ерларидан қувиб чиқариш ўтган йилнинг 7 октябридан кейин тезлашган. Ғазо фонида Ғарбий соҳил эътибордан четда қолдими?

Шавкат Икромов: Аввалбошда Ғазодаги уруш фонида Ғарбий соҳилга эътибор камайгандек кўринганди. Аммо охирги 3 ой мобайнида асосий эътибор Ғарбий соҳилга тушяпти. Урушнинг асосий мотивларидан бири – Ғазо орқали ҳамжамият эътиборини тортиш ва Ғарбий соҳилда яҳудий кўчманчиларининг турар жойларини кўпайтириш бўлган. Фаластинлик деҳқонлар ўз ерларини кўчманчи яҳудийларга бой бериб қўйишди ва бу ҳолат охирги 30 йил ичида энг кўп кўчманчилар турар жойларининг кўпайиши орқали амалга ошмоқда.

- Ҳамас сиёсий лидери ва бошқа етакчиларининг йўқотилиши гуруҳнинг фаолиятини қанчалик сустлаштирди?

Ҳамид Содиқ: Ҳамас – бир ғоя сифатида фаолият юритади. Ҳаракатнинг номида ҳам “муқовала” –“қаршилик” сўзи бор. Шунинг ҳисобига ҳам Ҳамасни енгиб ёки бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ. Ҳамас тугатилганда ҳам, бошқа жамият қаршилик учун бирлашиши мумкин.

Шавкат Икромов: Ҳамаснинг инфратузилмасига катта зарар етказилди. Энди у ўзини 2023 йил 7 октябр ҳолатигача бўлган салоҳиятини тиклаши учун камида 30 йил керак бўлади. Ҳаракатнинг ўша даражадаги кучни тўплашига анча йиллар кетганини инобатга олиш зарур.

Бектош Бердиев: Ҳамас ҳозир ҳам Исроилга қуролли қаршилик кўрсатишда давом этаётганини билдириб келади. Охирги 15 кун ичида Исроилнинг 6 тадан ортиқ танкини портлатиб юборгани тасвирланган видеолар намойиш қилинган. Ҳамас берган маълумотларига кўра, бу вақт давомида Ғазода 16 та Исроил аскари ўлдирилган, аммо бу расмий маълумот сифатида тасдиқланмаган.

- Ғазодан тарқалаётган кўнгилни хира қилувчи лавҳалар фақат бир саволни ўртага қўяди: бу уруш қачон тугайди? Уруш қачон, қай тарзда тугаши мумкин?

Камолиддин Раббимов: Зиддиятлар ечимидан анча узоқда. Бугун Исроил ўта агрессияга берилган ва Америка мени ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қилади деган фикрдаги давлат. Исроил ҳокимиятида миллатчи яҳудийлар турибди. Улар Ғазони вайрон қилиш, Ғарбий соҳилни аннексия қилиш учун ўз потенциалини ишга солишда давом этади.

Ҳозир Исроил маънавий инқироз даврида. Исроил давлатчилиги – мусулмон давлатлари океанининг ўртасидаги кичик оролча сифатида қилаётган барча қилмишлари учун келажакда албатта жавоб беради. Яъни дунёдаги кучлар нисбати ўзгариши биланоқ, Исроилнинг даври ҳам тугайди. Ҳозир ҳам Исроилдан кўчиб кетиш ҳолатлари кучаймоқда.

Бектош Бердиев: Исроилнинг асл мақсади – Ғазони қўлга киритиш. Ғазодаги аҳолини Иордания ёки Мисрга кетказиш ва ерга эгалик қилиш. Шу сабабдан ҳам бу ерда фуқаролик инфратузилмалари шу даражада вайрон қилиндики, бу ерда энди аҳоли яшай олмаслиги учун. Бу ерда қолиб кетаётган бомбалар, турли зарарли моддалар ҳали кўплаб одамнинг ёстиғини қуритишга қодир.

- Исроил урушдан кейин ҳам Ғазони назоратсиз қолдирмоқчи эмас. Нетаняҳу кабинети айниқса Филаделфия ва Нетзарим йўлаклари назоратини ўзида қолдиришини қатъий таъкидламоқда. Ғазонинг келажаги борасида қандай эҳтимолий сценарийлар бор?

Шавкат Икромов: Қачонки Фаластин давлати тузилсагина, уруш тугайди. Аммо тарихдан маълумки, Исроил Ғазони ташлаб кетиб, унга яна қайтиб киради ва уруш қўзғайди. Америка Афғонистонга кириб келганидан кейин “Толибон” ҳукумати яратилганда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди ва бу уруш шундай якунланди. Аммо Ғазо билан бундай ҳол содир бўлмайди. Исроил доимо қайтиш сиёсатини амалга оширади. Ғазо учун ҳам бу уруш биринчиси эмас. 2006 йилда ҳудуд Фаластинга топширилган эди. Аммо ҳозирда ҳам Исроил ташқи кучлар таъсирида Ғазони тарк этиши ва яна ташриф буюриши аниқ.

Шунингдек, Ҳамас бутунлай йўқ бўлгани йўқ. Ҳамас аскарлари курашни давом эттиради. Ўлган аскарларнинг фарзандлари ворислар сифатида курашни давом эттиради.

Ҳамид Содиқ: Ҳамас ҳаракати, Ғазодаги 2 миллион аҳолининг қаршилиги ифодаси бўлиб қолаверади. Ғазонинг инфратузилмаси вайрон қилинди, у ерда жуда катта ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилди. Бу инфраструктурани тиклашни Исроил ҳеч бир давлатга ишониб топширмайди: бу ерни ўзи тиклайди ва табиийки, бошқарувни ҳам ўз қўлида сақлаб қолади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазодаги урушга бир йил. Ҳамас мақсадига эришди, Исроил-чи?