06:30 / 13.10.2024
35

Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик устидан Россияда суд бошланди

Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик устидан Россияда суд бошланди
Фото: Михаил Лобанов
Россиянинг Перм шаҳрида қуролли безориликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Ойбек Солиевнинг жиноий иши бўйича суд мажлиси бошланди. Тергов маълумотларига кўра, у Украинадаги урушга учинчи марта жўнатилишига эришмоқчи бўлган ва «Защитники Отечества» давлат фонди маҳаллий бўлимига ўйинчоқ граната билан келган. Солиев «бу ўйинчоқни нотўғри олиб юрганлиги» бўйича айбини тан олмоқда, лекин фонд ходимларига таҳдид қилганлик айбини рад этмоқда.

35 ёшли Ойбек Солиевнинг айтишича, у Украинадаги урушда икки марта қатнашган. Унинг ўпкаси ва иккала оёғи жароҳатланган. Тан олинмаган Луганск халқ республикаси (ЛХР) томонидан унга берилган ҳарбий гувоҳномада «халқ милициясида» хизмат қилгани ёзилган.

Жиноят ишига судланувчининг Ўзбекистон паспорти нусхаси ҳам қўшилган. Ҳужжатнинг ўзи сақланиб қолмаган. Солиевнинг айтишича, жанг пайтида паспорти ёниб кетган.

Таъкидланишича, Ростов-Дондаги шифохонадан Пермга реабилитация учун юборилган Солиев Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, яна урушга қайтишга ҳаракат қилган. Ҳарбий прокуратура ва комендатурадан жавоб кутар экан, пайвандчи бўлиб ишлаган. Аввалига ётоқхонада ва ташландиқ уйларда, кейин ижарага олган хонада яшаган.

Солиев 2024 йил 6 июндан бери панжара ортида. У оғир жиноятда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, 6 июн куни маст Солиев «Защитники Отечества» давлат фонди Перм бўлимига борган. Фонд ходими Владимир Нохрин билан суҳбат чоғида у чўнтагидан яшил рангли ва ҳақиқийсидан ажратиш имконсиз бўлган граната муляжини олган. Нохрин ўзи ва ходимлар ҳаётидан хавотирланиб, Солиевни алоҳида кабинетга – психологга боришга кўндирган. У ерда Солиев яна гранатани чўнтагидан олган. Учинчи марта у гранатани кўчада, фонд бошлиғи Константин Строгий олдида кўрсатган.

Солиев безорилик, яъни жамоат тартибини қўпол равишда бузиш, жамиятга нисбатан очиқ ҳурматсизликни ифодалаш ва бошқа жиноятларда айбланмоқда. У 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Украинада, Урушда қатнашган, Ўзбекистонлик, Россияда, Суд бошланди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик устидан Россияда суд бошланди