18:25 / 14.10.2024
20

Калифорнияда Трамп митингидан олдин милтиқ ва тўппонча билан қуролланган шахс қўлга олинди

Калифорнияда Трамп митингидан олдин милтиқ ва тўппонча билан қуролланган шахс қўлга олинди
Фото: Reuters
Риверсайд округи шерифи Чад Бянконинг сўзларига кўра, Лас-Вегасда яшовчи 49 ёшли Вэм Миллер Трампа чорраҳадаги
блокпостлардан бирида чиқиш қилишига бир соат қолганида қўлга олинган — у қора рангли йўлтанламас автомобил бошқарувида бўлган, унинг ёнидан милтиқ, ўқланган тўппонча ҳамда катта сиғимли ўқдон топилган. Расмийларнинг тасдиқлашича, ушбу шахснинг ёнида бир неча паспорт ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлган.

Хабар қилишларича, эркак ноқонуний тарзда қурол ва ўқ-дори сақлашда айбланиб ҳибсга олинган, кейин эса 5 минг доллар миқдоридаги гаров пули эвазига қўйиб юборилган. Унинг иши бўйича тинглов кейинги йил 2 январига белгиланган.

Миллернинг ўзи ҳар қандай айбловни рад этган. У доимо қурол билан юриши ва «100 фоизга Трамп тарафдори» эканини айтган.

Расмийлар бу ҳодиса Трамп ёки митинг иштирокчилари хавфсизлигига таъсир кўрсатмаганини айтишган.

Маҳаллий шериф полициячилар Доналд Трампга суиқасднинг олдини олгандек кўринаётгани, аммо кўп саволлар жавобсиз қолаётганини айтган.

Чад Бянко гумонланувчининг миясида қандай хаёл бўлганини аниқ билиб бўлмаслиги, унинг нияти суиқасд қилиш бўлганини исботлаш имконсиз эканини тан олган.

Унинг айтишича, йўлтанламасдаги давлат рақами сохта бўлган, автомобил ичкариси эса тўзиб ётганди. Бянконинг маълумотига кўра, у ерда бир неча паспорт ва турли шахслар номидаги ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлган.

Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи «Суверен фуқаролар» гуруҳи аъзоси эканини айтган. «Мен буни жангари гуруҳ демаган бўлардим. Бу шунчаки ҳукуматга ва давлат назоратига ишонмайдиганлар гуруҳи», — деган у.

Чад Бянко — республикачи, аввалроқ у Трампни қўллаб-қувватлашини билдирганди. У шунингдек номзоднинг Калифорниядаги ишончли вакили саналади.

CBS News телекомпанияси федерал ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб, ҳозирча Трамп ҳаётига суиқасд қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини хабар қилган.

Федерал маъмурлар тергов давом эттирилаётганини айтишган. Махфий хизмат ва ФҚБ ҳибс ҳақида хабардорлигини маълум қилиб, маҳаллий полициячиларга миннатдорчилик билдирган, аммо ҳодиса Трамп хавфсизлигини таъминлашга таъсир кўрсатмагани маълум қилинган.

«Биз митинг ўтказилаётган жойни қўриқлагани ва президент Трампнинг хавфсизлигини таъминлашга ёрдам кўрсатгани учун ҳуқуқ-тартибот органларига миннатдорчилик билдирамиз. Биз ҳибс ҳақида хабардормиз ва айни вақтда вазиятни кузатиб, қўшимча маълумот йиғяпмиз», — деган Трампнинг сайловолди штаби коммуникациялар бўйича директори Стивен Чунг.

Сайловолди кампанияси чоғида Трамп июл ойида илк суиқасдни бошдан кечирганди, ўшанда Пенсилваниядаги митингда у чиқиш қилган саҳна яқинидаги бино томидан туриб унга қарата ўқ узилганди. Трамп қулоғидан яраланган, уни ўққа тутган 20 ёшли Томас Мэттю Крукс воқеа жойида отиб ташланганди, уни жиноятга ундаган сабаблар ҳозиргача номаълум.

Иккинчи ҳолат Трампнинг Флорида штати, Палм-Бич шаҳридаги голф-клуби яқинида содир бўлди, бу ерда Махфий хизмат агенти бутазорда милтиқ учини кўриб қолгач, шу томонга қарата ўқ узган. Шундан кейин, бутазор ичидан бир киши чопиб чиққан ва яширинишга уринган, кўп ўтмай уни қўлга олишган. Кейинроқ, қўлга олинган шахс — 58 ёшли Райан Уэсли Рут экани маълум бўлган. ФҚБ ҳодисани суиқасдга уриниш сифатида тергов қилаётганини хабар қилган.

Калифорния, Трамп митинги, Милтиқ ва тўппонча, Қуролланган шахс, Қўлга олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Калифорнияда Трамп митингидан олдин милтиқ ва тўппонча билан қуролланган шахс қўлга олинди