20:21 / 17.10.2024
31

Туркиялик таҳлилчи: “Исроил Эронга ҳужум қилиши аниқ, асосий масала – ҳужумнинг кўламида”

Туркиялик таҳлилчи: “Исроил Эронга ҳужум қилиши аниқ, асосий масала – ҳужумнинг кўламида”
“Темир гумбаз”ни ёриб ўта олишини кўрсатган Эроннинг ҳужумига Исроил жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда. Бу жавобга Теҳроннинг муносабати қандай бўлади? Араб давлатларининг-чи? Эрондаги эҳтимолий нотинчлик Марказий Осиёга қандай таъсир қилади? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан туркиялик этник ўзбек таҳлилчи, Эронни ўрганиш институти эксперти Раҳим Фарзом билан суҳбатлашди.

Эрон ҳозиргача икки марта Исроилга ракеталар билан ҳужум қилди. Тел-Авив октябр ойи бошидаги зарба учун жавоб ҳужуми, албатта, бўлишини такрорламоқда. Теҳрон расмийларига кўра, агар Исроил жавоб қайтарса, Эрон янада каттароқ зарба беришга мажбур бўлади. Бу ўзаро зарба алмашишлар эса урушга айланиши мумкин.

1 октябрдаги ҳужумда Теҳрон “Ҳизбуллоҳ” раҳбари – Ҳасан Насруллоҳ, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания ҳамда Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўлими учун қасос олди. Учирилган баллестик ракеталарнинг 40 фоизи нишонга теккани айтилади. Яъни бу гал апрелдаги ҳужумдан фарқли ўлароқ “Темир гумбаз”нинг самараси пастроқ бўлган.

Раҳим Фарзомга кўра, Исроилнинг бу ҳужумга жавоб қайтариши аниқ. Айни пайтда Тел-Авив иттифоқчилари билан Эрондаги қайси объектга зарба бериш масаласини муҳокама қилмоқда. Эрон эса сиёсий каналлар ва АҚШ орқали Исроилга жавоб ҳужуми енгилроқ бўлса, Теҳрон катта зарбалардан ўзини тийишини билдиргани ҳақида хабарлар бор. Лекин Исроил Эроннинг стратегик объектларини нишонга олса ва бу давлат тинчлиги, хавфсизлиги ҳамда иқтисодиётига жиддий зарар етказса, халқнинг ўзи Эрон раҳбариятини сиқувга олади, дейди Фарзом.

Эроннинг мақсади аслида Исроилга зиён еткизиш эмас, балки у ишонган “Темир гумбаз”ни ёриб ўтишни уддалашини кўрсатиш эди”, – дея қўшимча қилади эксперт.

Исроил нишонга олиши мумкин бўлган объектлар ядровий иншоотлар ва нефт базалари бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Эрон жиддий зарар кўради. Раҳим Фарзомнинг қайд этишича, агарда ядровий иншоотлар ҳужумга учраса, бу атрофдаги давлатлар, қўшни минтақалар учун ҳам жиддий хавф яратиши мумкин: атрофга радиация тарқалади.

АҚШ расмийларига кўра, Вашингтон учун Эрон – Хитой ва Россиядан ҳам олдинги ўринда турувчи душман. Бироқ туркиялик таҳлилчининг айтишича, Эроннинг мавжудлиги ва олий раҳнамо режими АҚШ манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда. Масалан, минтақадаги араб ва мусулмон давлатлар Эрон кучайиб бораётганидан хавотирда ва бу уларнинг АҚШга яқинлашишига туртки бўлмоқда. Шундай шароитда айрим араб давлатлари Исроилнинг Эронга ҳужумидан манфаатдор бўлиши ҳам мумкин, дейди у.

Эрон шундай давлатки, ҳам аҳоли, ҳам Эронга ишонч белгисини берган сиёсий-ҳарбий кучлар, гуруҳлар раҳбариятдан жавоб чораларини талаб қилади. Исроилнинг бўлажак ҳужуми қақшатқич бўлса, Теҳронни ҳужум бошлашга улар ҳам мажбур қила олади, дейди Раҳим Фарзом.

Эрон дипломатик каналлар орқали араб давлатлари ва қўшниларини Исроил ҳужумида уларнинг ҳудудидан фойдаланса, жавоби оғир бўлишидан огоҳлантирмоқда. Теҳрон бўлажак зарбаларга тайёргарлик доирасида Москвадан ёрдам сўраган, ҳаво ҳужумидан мудофаа техникаларини олган бўлиши ҳам мумкин. Экспертга кўра, бу қанчалик рост ёки ёлғонлиги ҳужумдан кейин аниқ бўлади.

Эроннинг Исроил ҳужумига жавоби жиддийроқ бўлиши Яқин Шарқдаги урушни кенгайтириб юбориши мумкин. Тел-Авивнинг мақсади ҳам шу аслида, лекин Вашингтон айни даврда минтақада янада каттароқ уруш бошланишини истамайди, дейди Эронни ўрганиш институти эксперти.

Марказий Осиё давлатлари – Эроннинг қўшниси. Туркиялик таҳлилчи фикрича, бевосита бўлмаса-да, билвосита Эрондаги нотинчлик Марказий Осиёга таъсирини ўтказади. Лекин бу давлатлар айни вазиятда Эрон томонида эканини ҳам билдира олмайди. Улар учун бетарафлик энг яхши танлов, дейди Фарзом.

Эроннинг жиддий зарбага учраб, катта иқтисодий зарар кўриши унинг бизнес шериги ҳисобланган Туркия манфаатларига ҳам тўғри келмайди. Президент Эрдўғанга кўра, давлат махсус кучлари Исроил ва унинг Туркияга қарашларини ҳам кўздан қочирмаяпти. Бундай шароитда Туркиянинг ҳам қўлидан бир иш келишига ишониш қийин, дейди таҳлилчи.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.


Туркиялик таҳлилчи, Раҳим Фарзом, Исроил, Эрон, Ҳужум қилиши аниқ, Ҳужумнинг кўлами

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркиялик таҳлилчи: “Исроил Эронга ҳужум қилиши аниқ, асосий масала – ҳужумнинг кўламида”