08:49 / 29.10.2024
34

Филаделфия прокурори Илон Маскка қарши даъво киритди

Филаделфия прокурори Илон Маскка қарши даъво киритди
Фото: CNBC
Филаделфия округ прокурори Ларри Краснер тадбиркор Илон Маскка қарши судга фуқаролик даъвосини киритди. У миллиардердан Пенсилванияда пул тикиб, сайловчилар ўртасида ўтказаётган ўйинни тўхтатиш талаби қилмоқда.

20 октябр куни Маск президентлик сайловларига қадар ҳар куни АҚШ Конституциясининг биринчи ва иккинчи тузатиши ҳимоясига қаратилган петицияни имзолаган Пенсилваниядаги сайловчиларга 1 миллион доллардан тўлашга ваъда берди. Бу Маск томонидан асос солинган, Трампни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи America PAC қўмитаси сайтида эълон қилинди.

Краснер пул ўйналишини «ноқонуний лотерея схемаси» деб атади. «America PAC қўмитаси ва Маск фуқароларни ўзларининг шахсий маълумотларидан воз кечишга ундаб, уларга миллион доллар ютиб олиш эвазига сиёсий ваъда бермоқда. Бу — лотерея. Ва бу шубҳасиз, ноқонуний лотерея», — дейилади даъвода. Филаделфия прокурорининг қайд этишича, Пенсилвания қонунлари бўйича лотерея фақат штат томонидан ўтказилиши керак.

Даъвода таъкидланишича, Маск ғолиблар тасодифан танланаётганини айтсаётган бўлсада, бир нечта ғолиб — Трампнинг Пенсилваниядаги митинглари иштирокчиларидир. Краснернинг фикрича, Маскнинг лотерея қоидаси сайловчиларни чалғитмоқда.

Маск миллион доллар ютиб олиш имконияти эвазига имзо чекишни сўраётган петиция АҚШ Конституциясининг сўз эркинлиги ва қурол олиб юриш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Маск Пенсилвания сайловчилари ўртасида ҳар куни ғолиблар эълон қилиниши айтганидан кейин, Адлия вазирлиги пулни бу усулда тарқатиш сайловчиларни рағбатлантиришни тақиқлайдиган федерал қонунларни бузиш эканидан огоҳлантирган эди.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади. Пенсилвания — Доналд Трамп ҳамда унинг рақиби Камала Ҳаррис учун муҳим штатлардан бири ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Филаделфия прокурори Илон Маскка қарши даъво киритди