21:13 / 29.10.2024
27

Россияда ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди

Россияда ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди
Фото: Россия ИИВ
Россия Давлат Думаси депутатлари ноқонуний мигрант томонидан жиноят содир этилишининг жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан олиниши ҳақидаги қонунни маъқуллади, деб ёзди «Коммерсант».

29 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар миграция сиёсати соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишларни ҳам қабул қилган. Хусусан, уюшган гуруҳ томонидан ноқонуний миграцияни ташкил этишни ўта оғир жиноят тоифасига киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди. Қонунбузарлик 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 3 миллиондан 5 миллион рублгача жарима кўринишидаги жазони назарда тутади.

Сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний миграцияни ташкил қилиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 1 миллион рублгача жарима билан жазоланади. Худди шундай жазо шахс ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этган ҳуқуқбузарлик учун ҳам назарда тутилади.

Шунингдек, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни яшаш жойи бўйича сохта «прописка» қилганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Ҳозир бу 3 йилни ташкил қилади.

Шунингдек, депутатлар ноқонуний миграция хизматлари кўрсатилаётган сайтларни суддан ташқари блокировка қилиш ва мигрантлар учун имтиҳон ўтказиш бўйича давлат органларининг мутлақ ҳуқуқини жорий этиш тўғрисидаги қонунларни ҳам қабул қилди.

Аввалроқ, Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин таъкидлаганидек, 2023 йилда ноқонуний миграцияни ташкил қилганликда айбланган 879 кишидан «фақат 166 киши ҳақиқий жазога тортилган, уларнинг тўртдан бир қисми эса 1 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган». Шу билан бирга, 2024 йил 7 ойи давомида ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар сони 2,8 бараварга ошиб, 1414 тага етган.

Россияда миграция сиёсатининг кескинлашуви «Крокус Сити Холл»да содир этилган терактдан сўнг бошланди. Жиноятчилар Тожикистоннинг тўрт нафар фуқароси экани айтилмоқда. Август ойида Россия президенти Владимир Путин ноқонуний мигрантларни чиқариб юборишнинг ҳуқуқий режимини ўрнатиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. У 2025 йил февралидан кучга киради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди