18:09 / 05.11.2024
20

Тадқиқот: ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди

Тадқиқот: ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди
Канададаги Макгилл университети, АҚШдаги Беркли Калифорния университети ва Жанубий Калифорния университети тадқиқотчилари Буюк Британиянинг Биобанк маълумотларини таҳлил қилиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида ва ундан кейин ўтказилган қанд миқдорини меъёрлаштириш амалиётлари натижаларини ўрганди. Улар урушдан олдин ва кейин туғилган одамларнинг соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни таққослади, деб ёзмоқда Euronews.

Жанубий Калифорния университети иқтисодчиси ва тадқиқот муаллифларидан бири Тадея Гракнер шакар истеъмолининг соғлиққа узоқ муддатли таъсирини ўрганиш мураккаб вазифа эканини таъкидлади.

Science журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳомиладорликдан кейинги дастлабки 1000 кун (деярли уч йил) давомида шакар ва шакарли маҳсулотларни камроқ истеъмол қилган болаларда қандли диабетнинг 2-тури ривожланиш хавфи ўртача 35 фоизга камайган. Эрта болаликда шакар истеъмолини чеклаш касаллик бошланишини тўрт йилга кечиктирган.

Гипертония хавфи эса 20 фоизга камайиб, унинг бошланиши икки йилга кечиккан.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, она қорнидаёқ (ҳомиладорлик даврида) қанд миқдорининг чекланиши ҳимоя хусусиятларининг учдан бир қисмини таъминлаган.

Эрта ёшда истеъмол қилинган шакар бу — янги тамаки, биз унга нисбатан тегишли муносабатда бўлишимиз лозим. Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компаниялардан болалар овқатларининг таркибини ўзгартиришни, фойдали вариантлар киритишни, шунингдек, болаларга мўлжалланган ширин маҳсулотлар маркетингини тартибга солишни талаб қилишимиз керак”, — деди Калифорния университети иқтисодиёт профессори ва тадқиқот муаллифларидан бири Пол Гертлер.

Буюк Британияда шакар истеъмолини меъёрлаштириш даври 1942 йилдан 1953 йилгача давом этган, бу даврда шакар истеъмоли кунига ўртача 40 грамм атрофида бўлган.

Давр тугагач, шакар ва ширинликларни истеъмол қилиш кунига тахминан 80 граммга етди.

Тадқиқотга кўра, меъёрлаштириш даврида умумий озиқ моддалар истеъмоли нисбатан барқарор қолган. Масалан, оқсил ва ёғлар истеъмолига меъёрлаштириш сиёсати деярли таъсир қилмаган.

Ҳозирда соғлиқни сақлаш ташкилотлари икки ёшгача бўлган болалар овқатига шакар қўшмасликни, катталар учун ҳам чекловларни тавсия қилади.

Тадқиқот гуруҳи ота-оналарга фарзанди қанча шакар истеъмол қилаётганини назорат қилишда ёрдам берадиган аниқ ва тушунарли тавсияларни, шунингдек, озиқ-овқат компаниялари томонидан болалар учун соғлиққа фойдалироқ овқатланиш вариантлари таклиф этилишни қўллаб-қувватламоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тадқиқот: ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди