19:11 / 05.11.2024
22

Ҳаррис чекловларидан хавфсираган Трамп тарафдорлари қурол сотиб олмоқда

Ҳаррис чекловларидан хавфсираган Трамп тарафдорлари қурол сотиб олмоқда
Фото: Bloomberg
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп тарафдорлари вице-президент Камала Ҳаррис сайловда ғалаба қозонса, уларни бу ҳуқуқдан маҳрум этишидан қўрқиб, ўқотар қурол сотиб олмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Daily Express нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Висконсин штатидаги Республикачилар партияси аъзолари АҚШ Конституциясига фуқароларнинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини кафолатловчи Иккинчи тузатиш таҳдид остида қолганидан хавотирда.

Менда ўқотар қурол йўқ эди, лекин мен уни сотиб оламан. Ўйлашимча, у менга тез орада керак бўлади”, дейди Висконсин штатидаги сайловчилардан бири.

Яна бир сайловчи ҳеч қачон ўқотар қуроли бўлмаганини айтиб, “ўзини ҳимоя қиладиган нарсага эга бўлиши керак”лигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, у қуролларни президент Жо Байден бошқаруви даврида Америка жамияти ўзгаргани учун сотиб олган. Шу билан бирга, у илгари ўзи ҳам демократ бўлганини ва 2020 йилда Ҳиллари Клинтонга овоз берганини, аммо ҳозир унинг “кўзлари очилганини” қўшимча қилган.

Штатнинг яна икки фуқароси, агар мамлакатда Ҳаррис ҳокимият тепасига келса, уларнинг қурол олиб юриш ҳуқуқи хавф остида қолиши мумкинлигини қайд этган.

Камала қуролларимизни олиб қўймоқчи. Лекин уларга эга бўлиш бизнинг ҳуқуқимиз”, дейди улар.
Daily Express’га кўра, қуролга эгалик масаласи узоқ вақтдан бери Америка жамиятини иккига бўлиб келган.

Ҳаррис аввалроқ маъмуриятнинг 2022 йилда демократлар ва республикачилар томонидан таклиф қилинган икки партиявий хавфсиз жамоалар тўғрисидаги қонунни муваффақиятли қабул қилишдаги ютуқларини таъкидлаган эди. Мазкур қонун қурол савдоси, хусусан, 21 ёшгача бўлган қурол сотиб олувчилар учун маълумотни текшириш устидан назоратни кучайтирган ва баъзи бўшлиқларни ёпган. Ҳаррис, шунингдек, бу турдаги қонунларини бутун мамлакат бўйлаб амалга ошириш, универсал текширувлар ва ҳужум қуролларини, хусусан, пулемётларни тақиқлашга чақирган.

Шу билан бирга, Ҳаррис консерваторлар лагеридан бир қарорга келмаган сайловчиларнинг овозларини олиш учун у Иккинчи тузатишни ҳурмат қилишини, одамларнинг қуролларини тортиб олмоқчи эмаслигини ва ҳатто ўзи ҳам қуролга эга эканлигини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳаррис чекловларидан хавфсираган Трамп тарафдорлари қурол сотиб олмоқда