Фото: Getty Images
Қатар гаровдагиларни озод этиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачи сифатидаги фаолиятини тўхтатди, деб хабар берган мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.
Бунга қадар америкалик юқори мартабали мулозимлар анонимлик шарти билан ОАВга АҚШ бундан буён Ҳамас вакиллари Қатарда яшашига тоқат қилмоқчи эмаслигини билдирганди.
Вашингтондагилар фаластинликлар гуруҳини Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни қайтариш бўйича сўнгги таклифни рад этишда айблаган.
Reuters агентлигининг Вашингтондаги манбалари шахсини сир сақлашни сўраган ҳолда Қатар ҳукумати 10 кун олдин Ҳамас сиёсий ваколатхонасини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга ваъда берганини айтган.
Бу хабарлар ортидан Ҳамас раддия бериб чиқди. Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси Қатарнинг ташкилот раҳбариятини Доҳадан чиқариб юборишга розилиги ҳақидаги хабарларни «асоссиз» деб атади. У мазкур ҳолатни «босим ўтказиш тактикаси» деб атади ва бундай баёнотлар илгари ҳам ҳеч бир далилларсиз тарқатилганини қўшимча қилди.
Кейинроқ Қатар ТИВ ҳам Ҳамас офиси чиқариб юборилиши ҳақидаги хабарда ноаниқлик борлигини маълум қилди.
«Қатардаги ваколатхонанинг асосий мақсади — манфаатдор томонлар ўртасида коммуникация канали бўлиш ва бу канал аввалги босқичларда ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳисса қўшган», — дея аниқлик киритди вазирлик вакили Мажид ибн Муҳаммад ал-Ансорий.
Идора Исроил ва Ҳамас ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани, Қатарнинг воситачилик ҳаракатлари «томонлар жиддийлик ва ушбу шафқатсиз урушни якунлашга тайёрлигини намойиш этганида» қайта тикланади.
Ҳамаснинг Доҳадаги ваколатхонаси 2012 йилда очилган — ўшанда улар Суриядаги фуқаролик уруши туфайли Дамашқдаги штаб-квартирасини тарк этишга мажбур бўлганди. Хабар қилишларича, АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Барак Обаманинг гуруҳ билан алоқани қўллаб-қувватлаш мақсадидаги илтимоси билан уларга Доҳадан жой берилган.
Қатар — Форс кўрфазида майдони кичик бўлса-да, катта таъсир доирасига эга давлат ҳисобланади — у АҚШнинг Яқин Шарқ минтақадаги муҳим иттифоқчиси ҳамдир.
Бу ерда Американинг йирик авиабазаси жойлашган ва Қатар ҳукумати бир неча бор Вашингтоннинг нозик сиёсий музокараларида, жумладан, Россия, Эрон ва толиблар билан музокараларида воситачи вазифасини бажарган.
Ғазо сектори бўйича ҳозирча муваффақиятсиз кечаётган музокараларда қатарликлар ҳам АҚШ ва Миср каби муҳим ўринга эга эди.
Муваффақиятсиз музокаралар
Музокараларнинг октябр ойи ўрталарида ўтказилган сўнгги раундида ҳам келишувга эришилмади, Ҳамас қисқа муддатли сулҳни рад этди ва Исроил қўшини тўлиғича олиб чиқилиши ҳамда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилишини талаб қилди.
Ҳамас 2012 йилда Доҳада сиёсий базага эга бўлганди — хабарларга кўра, бу Обама маъмурияти сўрови билан қилинган
Гаровга олинганларни озод этиш бўйича келишув барбод бўлгани учун Исроил ҳам танқидга учради. Ўтган ҳафта бошида ишдан бўшатилган Йоав Галант олдинроқ Бинямин Нетаняҳу хавфсизлик хизмати раҳбарларининг маслаҳатларига амал қилмасдан, тинчлик келишувидан бош тортганини айтганди.
BBC’нинг Қуддусдаги мухбири Жо Инвуд айтишича, Ҳамасни Қатардан қувиб юборишга бўлган чақириқлар, афтидан, Оқ уйни тарк этаётган маъмуриятнинг Жо Байден январда президентлик лавозимини Доналд Трампга ўтказгунича қандайдир тинчлик келишувига эришиш учун уриниши бўлиб кўринмоқда.
Трамп эса, айрим манбаларнинг маълумотларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга уруш у президентликка қасамёд қилгунича якунланишини исташини билдирган.
Нима бўлганда ҳам АҚШнинг ҳозирги маъмуриятининг Исроил ҳукуматига таъсири чекланган даражада бўлиб қолади, шу туфайли Вашингтондагилар Ҳамасга босим ўтказиш орқали келишувни тезлаштиришдан умид қилиши мумкин.
Бу режа муваффақиятга эришиши Қатар АҚШнинг талабига розилик бериш-бермаслигига боғлиқ, дея ёзган мухбир.
Унинг сўзларига кўра, агар Ҳамас Доҳани тарк этадиган бўлса, унинг сиёсий офиси қаерга жойлашиши номаълум.
У Ҳамасни қўлловчи Эрон ҳудудига кўчиб ўтиши мумкин, аммо гуруҳ сиёсий етакчиси Исмоил Ҳония Теҳронда ўлдирилгани инобатга олинса, бу катта таваккалчилик бўлган бўларди. Бундан ташқари, Эрон ҳудудида туриб Ҳамас Ғарб вакиллари билан Қатардаги каби боғланиш имкониятига эга бўлмайди, дея ёзади Жо Инвуд.
Кейинги манзил учун вариантлар сифатида Ўмон, Ливан ва Жазоир ҳам кўриб чиқилган, бироқ улар ҳам турли нуқати назарларга кўра АҚШда хавотир уйғотиши айтилган. Нисбатан эҳтимоли юқори вариант Туркия бўлиши мумкин, у НАТО аъзоси ҳисобланади ва мамлакат аҳолисининг катта қисмини сунний мусулмонлар ташкил этади. Қолаверса, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзини Ғарб ва Шарқ ўртасидаги воситачи сифатида тақдим этишга интилади.
Хабар қилишларича, Ҳамас раҳбарияти биринчи навбатда ўз хавфсизлигидан ташвишланмоқда, чунки сўнгги тўрт ой ичида гуруҳнинг икки етакчиси ўлдирилди. Июл ойи охирида Эронда сирли равишда Исмоил Ҳония ҳалок бўлганди, октябрда исроиллик ҳарбийлар 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум ташкилотчиси бўлган Яҳё Синварни ҳам ўлдиришди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Боррел: АҚШ Россияга 300 километргача ичкарига зарба беришга рухсат берди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”