20:00 / 17.11.2024
10

Си Цзиньпин АҚШ кесиб ўтиши мумкин бўлмаган тўртта “қизил чизиқ”ни айтди

Си Цзиньпин АҚШ кесиб ўтиши мумкин бўлмаган тўртта “қизил чизиқ”ни айтди
Фото: Bloomberg
Хитой раиси Си Цзиньпин АҚШ президенти Жо Байден билан музокаралар чоғида Вашингтон билан муносабатлардаги тўртта “қизил чизиқ”ни белгилади. Бу ҳақда Sinxua хабар берди.

Тайван масаласи, демократия ва инсон ҳуқуқлари, Хитой тизими ва ривожланиш ҳуқуқи Хитойнинг баҳслашиш ёки босиб ўтиш мумкин бўлмаган тўртта қизил чизиғи ҳисобланади”, деди Си Цзиньпин Лима шаҳрида бўлиб ўтган Осиё—Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви доирасида.

Си Цзиньпин бир Хитой тамойили ва учта қўшма Хитой—Америка коммюникеси икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг сиёсий асоси эканини таъкидлади. Хитой етакчисининг сўзларига кўра, Хитой ва АҚШ каби икки йирик давлат ўртасидаги зиддият ва келишмовчиликлар муқаррар, аммо томонлар бир-бирининг асосий манфаатларига путур етказмаслиги, айниқса, можаро ёки қарама-қаршиликка интилмаслиги лозим.

АҚШ маъмурияти вакили Пекин билан жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолаётган асосий мавзулар қаторида Хитойнинг Россия билан муносабатлари, Тайван, Жанубий Хитой денгизи ва кибермаконни тилга олганди.

Байден ва Си Цзиньпиннинг сўнгги учрашуви

2023 йил 15—16 ноябрь кунлари АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўзаро кўришиб, музокаралар олиб борди. Учрашув Сан Франциско яқинидаги Филоли қароргоҳида APEC (Осиё—Тинч океани минтақаси иқтисодий ҳамкорлиги) саммити доирасида бўлиб ўтганди.

Ўшанда бу Хитой раҳбарининг АҚШга олти йил ичидаги биринчи ташрифи ва Жо Байден ҳамда Си Цзиньпин бир йилдан ортиқ вақт ичида ўтказган биринчи икки томонлама учрашув бўлган.

АҚШ ва Хитой тўғридан тўғри ҳарбий алоқаларни тиклашга келишган. Пекин ва Вашингтон 2022 йил августида АҚШ Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелоси Тайванга борганда юқори даражадаги ҳарбий алоқаларни узганди. АҚШ ва Хитой гиёҳванд моддаларни, жумладан, фентанил каби синтетик гиёҳванд моддаларни глобал ноқонуний ишлаб чиқариш ва савдосига қарши курашни кучайтиришга келишиб олган. Хитой фентанил ишлаб чиқариш билан боғлиқ маҳсулотлар экспорти шароитини қаттиқлаштиришга рози бўлган.

АҚШ ва Хитой сунъий интеллект тизимлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида келишиб олган. Бу мақсадда икки давлат ҳукуматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилади. Байден ва Си Цзиньпин бир-бирига доимий йўловчи ташиш рейсларини сезиларли даражада ошириш устида ишлашга ваъда берган. Икки давлат раҳбарлари, таълим, талабалар, маданият, спорт ва бизнес алмашинувларини кенгайтириш тарафдори эканини айтган.

Тайван борасида Байден АҚШнинг “ягона Хитой” сиёсати ўзгармаганини, аммо АҚШ статус-квонинг ҳар қандай бир томонлама ўзгаришига қарши эканини билдирган. Си Цзиньпин Тайван масаласини Хитой—Америка муносабатларидаги “энг муҳим ва нозик” масала деб атаган. Хитой раҳбарига кўра, АҚШ “Тайван мустақиллиги”ни қўллаб-қувватламаслик позициясини аниқ ҳаракатларда ифодалайди, Тайванни қуроллантиришни тўхтатади ва Хитойни тинч йўл билан бирлаштиришни қўллаб-қувватлайди.

“Хитой йирик пандаларни Америка ҳайвонот боғларига қайтаради ва уларни сақлаб қолиш учун АҚШ билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр”, деди Си Цзиньпин. У пандаларни “Хитой ва Америка халқлари ўртасидаги дўстлик элчилари” деб атаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Си Цзиньпин АҚШ кесиб ўтиши мумкин бўлмаган тўртта “қизил чизиқ”ни айтди