13:47 / 22.11.2024
50

Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”

Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Фото: “Sputnik”
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳақиқий уруш қандай бўлишини кўрсатиб қўйишга чақирди. У Россия президенти Владимир Путиннинг қитъалараро баллистик ракета билан Украинанинг Днепр шаҳрига зарба бергани ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

Россия армияси 21 ноябрь куни илк бор Днепр шаҳрига “Орешник” қитъалараро баллистик ракетасини учирди. Путин бу Украинанинг Россияга қарши Ғарб қуролларидан фойдаланишига жавоб эканини айтди.

"Бундай душман зарбаларига жавобан, уларнинг ҳарбий объектларини тош устига тош қолмайдиган даражада тротил билан йўқ қилиш вақти келди. Кўряпсизми, улар Ғарбда иссиқ ва тинч ўтиришибди. Қани, ҳақиқий уруш нималигини ўз териларида ҳис қилишсин", деди сиёсатчи.

Қодиров “урушда ўз иштирокини очиқчасига тан олишдан қўрқаётган давлатларнинг объектларига” ҳам кучли зарба беришга чақирди.

"Олий бош қўмондон (Путин) тўғри таъкидлаганидек, ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг бевосита иштироки бўлмаса, ўрта ва қисқа масофали ракеталардан фойдаланиш имконсиз. Ишончим комилки, бундай жавобдан сўнг дарҳол музокаралар ҳақида шама қила бошлашади, аммо бу музокаралар столига фақат битта талаб билан ўтириш керак бўлади — Россиянинг барча шартларини муҳокама қилмасдан ва мурувват сўрамасдан сўзсиз бажариш", деди у.

Чеченистон раҳбари Ғарбни ҳайратга келтириш учун Россиянинг узоққа учувчи қуролларининг қудратини кўрсатиб қўйишга чақирди.

"Улар Россия билан ҳақиқий урушни хоҳлашганди-ку? Ундай бўлса, тўйгунларича олсинлар! Олий Бош қўмондонимизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман!", хулоса қилди Рамзан Қодиров.

Украинадаги сўнгги вазият

19 ноябрь куни Украина армияси Россия ҳудудига АҚШнинг узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари билан зарба берди. Ҳужум Брянск вилояти Карачев шаҳридаги ҳарбий объектга қаратилган. ATACMSнинг максимал учиш масофаси 300 километрни ташкил қилади.

АҚШ президенти Жо Байден 17 ноябрь куни мазкур ракетани Россия ичкарисига қўллашга рухсат берди. Украина узоқ вақтдан бери Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат этилишини кутаётганди. Кремль раҳбари Владимир Путин эса бундай қуролларни Россияга қарши қўллаш урушга киришишни англатишидан огоҳлантирган.

21 ноябрь куни Россия илк бор Украинанинг Днепр шаҳри бўйлаб қитъалараро баллистик ракета учирди. Ҳужум Астрахан вилоятидаги полигондан амалга оширилган. Қитъалараро баллистик ракета беш минг километр масофани босиб ўтиши мумкин, аммо уларнинг баъзилари тўққиз минг километрдан ортиқ масофага мўлжалланган.

Дастлаб ракета ҳужуми ҳақида Украина Қуролли кучлари хабар берган. Кейинчалик маълумотни Россия президенти тасдиқлаган. Путинга кўра, Россия Америка ва Британияда ишлаб чиқарилган қуролларнинг мамлакат ҳудудига ҳужумларига жавобан “Орешник” ракетасидан фойдаланган.

Путин Россия ўзини мамлакат ҳудудига қарата қурол ишлатаётган давлатларнинг ҳарбий объектларига қарши қурол ишлатишга ҳақли деб ҳисоблашини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”