11
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
Фото: AFP
АҚШ Миллий разведка директори бошқармаси Bloomberg журналистининг сўровига асосан Владимир Путин хориждаги мухолифларига нисбатан уюштирган сиёсий суиқасдлари тўғрисида маълумот берувчи 2016 йилги махфий ҳужжатларни қисман очиқлади.
Журналист Жейсон Леополд ушбу маълумотларни 2017 йилда, BuzzFeed нашрида ишлаган ва россиялик бизнесмен Александр Перепиличнийнинг ўлдирилишига оид воқеа билан шуғулланган вақтида очиқлашни сўраган. 2021 йилда у бошқа шаклда сўров юборган ва ноябр охирларида Миллий разведка директори бошқармасидан жавоб олди.
Унда «Россия Федерациясида бошқарув шакли сифатидаги сиёсий қотилликлар»га оид ҳужжат ҳалигача махфий бўлган маълумотлар туфайли қисман ошкор этилиши мумкинлиги хабар қилинган.
Ҳужжат 2000 йил 1 январдан 2016 йил июл ойига қадар амалга оширилган қотилликлар тўғрисида маълумот беради ва у АҚШ Сенати ҳамда Вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмиталари учун тайёрланган. Ҳужжатда биринчи ҳодиса 2004 йилга тааллуқли. Ўшанда Қатарда чеченистонлик дала командири, Ичкерия Республикаси раҳбарларидан бири Зелимхон Яндарбиев ўлдирилган эди. Унинг ўлдирилишида Россия ҳарбий разведкасининг бир нечта офицерлари айбланган.
Шунингдек, ҳужжатда 2006 йили Лондонда полоний-210 билан заҳарланган ФХХнинг собиқ ходими Александр Литвиненко ҳақида ҳам сўз боради. Разведкага кўра, Москва ушбу қотилликларни «катта эҳтимол билан» буюртма қилган, ҳисобот муаллифлари эса «хориждаги юқори мартабали шахсларнинг ўлдирилишига шахсан Путиннинг ўзи топшириқ берган», деган хулосада.
Александр Перепиличний ҳужжатда Путиннинг нишонлари қаторидан дисседентлар ҳам ўрин олгани айтилган парчада ёдга олинган. Перепиличний, ҳужжатга мувофиқ Кремлнинг солиқ фирибгарлигига боғлиқлиги тўғрисида кўрсатма беришидан олдин — 2012 йили Буюк Британияда биологик токсин ёрдамида ўлдирилган.
Таъқиблар остида, шунингдек, собиқ совет республикаларининг сиёсий етакчилари ҳам бўлган. Хусусан, мисол сифатида Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшенко келтирилган — у 2004 йилда заҳарланишдан омон қолганди. Бундан ташқари, Кремл Украина шарқидаги содиқ бўлмаган айирмачиларни, хусусан, 2015 йили Луганск областида ўлдирилган «Бэтмен» баталони командири Александр Бедновни таъқиб қилган бўлиши мумкин.
Леополднинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат «бироз эскирган» бўлса ҳам, у олдингидек катта аҳамиятга эга, чунки Россиянинг Украинага босқинидан кейин ҳам Путин хориждаги душманларини ўлдиришни давом этганини исботловчи далиллар бор. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди