22:53 / 24.11.2024
18

Медведев ядровий қурол технологиясини “АҚШ душманларига” беришни таклиф қилди

Медведев ядровий қурол технологиясини “АҚШ душманларига” беришни таклиф қилди
Фото: “Коммерсант”
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев “АҚШ душманларига” ядровий қурол бўйича ишланмаларни бериш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Медведев шу тариқа Ғарб давлатларини СССР парчаланганидан кейин тортиб олинган ядровий қуролларни Украинага қайтаришдан огоҳлантирди. У яқинда Россия ядровий доктринасидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, бундай қадам Россия учун туртки бўлиши мумкинлигини айтди. Сиёсатчи, шунингдек, Москва бунга жавобан тегишли ишланмаларни иттифоқчилар билан баҳам кўришини таъкидлади.

АҚШнинг потенциал душманларидан қайси бирига ядровий технологиямизни узатишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлашимиз керак, деди у.
Медведевнинг фикрича, Ғарб ушбу вазиятда қила оладиган энг маъқул иш — Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишдир. У яқинда Россия ўзининг янги гипертовушли ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Днепрга зарба бериш орқали дунёга илк бор намойиш этганини эслатди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Европа бундай қуролларга қарши туришга ожизлик қилишини айтди.

Зарар қабул қилиб бўлмас даражада, уни замонавий воситалар билан йўқ қилиш имконсиз ва гап дақиқалар ҳақида бормоқда. Бомбапаноҳлар ёрдам бермайди, ягона умид шуки, меҳрибон Россия учиришлар ҳақида олдиндан огоҳлантиради, дея хулоса қилди у.
Украинадаги сўнгги вазият

19 ноябрь куни Украина армияси Россия ҳудудига АҚШнинг узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари билан зарба берди. Ҳужум Брянск вилояти Карачев шаҳридаги ҳарбий объектга қаратилган. ATACMS’нинг максимал учиш масофаси 300 километрни ташкил қилади.

АҚШ президенти Жо Байден 17 ноябрь куни мазкур ракетани Россия ичкарисига қўллашга рухсат берди. Украина узоқ вақтдан бери Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат этилишини кутаётганди. Кремль раҳбари Владимир Путин эса бундай қуролларни Россияга қарши қўллаш урушга киришишни англатишидан огоҳлантирган.

21 ноябрь куни Россия илк бор Украинанинг Днепр шаҳри бўйлаб қитъалараро баллистик ракета учирди. Ҳужум Астрахан вилоятидаги полигондан амалга оширилган. Қитъалараро баллистик ракета беш минг километр масофани босиб ўтиши мумкин, аммо уларнинг баъзилари тўққиз минг километрдан ортиқ масофага мўлжалланган.

Дастлаб ракета ҳужуми ҳақида Украина Қуролли кучлари хабар берган. Кейинчалик маълумотни Россия президенти тасдиқлаган. Путинга кўра, Россия Америка ва Британияда ишлаб чиқарилган қуролларнинг мамлакат ҳудудига ҳужумларига жавобан “Орешник” ракетасидан фойдаланган.

Баъзи расмийлар АҚШ президенти Жо Байден Украинага СССР парчаланганидан кейин йўқотган ядровий қуролни қайтариб бериши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Бундай вариант Украина учун хавфсизлик кафолати сифатида кўриб чиқилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Медведев ядровий қурол технологиясини “АҚШ душманларига” беришни таклиф қилди