Фото: Reuters
Покистон пойтахти Исломободда минглаб одамлар собиқ бош вазир Имрон Хонни қамоқдан озод этиш талаби билан намойишга чиқди, деб хабар берди BBC.
Шаҳар марказий майдонига йўл олган намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди. Хавфсизлик кучлари оломонни тарқатиш учун намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди.
Покистон расмийларига кўра, тўқнашувда намойишни бостиришда қатнашган тўрт нафар аскар ҳалок бўлган. Расмийлар уларнинг ўлимида намойишчиларни айбламоқда.
Намойишчиларга жавобан расмийлар асосий кўчалар ва йўлларни тўсиб, юк ташиш контейнерларидан баррикадалар ўрнатди. Исломободга мамлакатнинг барча ҳудудларидан ҳарбийлар ва полиция ходимлари сафарбар этилган. Шаҳарда Интернет деярли йўқ, мактабларда дарслар бекор қилингани таъкидланмоқда.
Аввалроқ Покистон ҳукумати ҳар қандай йиғилишлар, жумладан, норозилик намойишлари ва митинглар ўтказишни тақиқлаган эди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг айтишича, намойишчиларга Исломобод маркази ўрнига митинг ўтказиш учун бошқа жой таклиф қилинган, бироқ улар буни рад этган.
Исломободдаги норозилик қамоқдаги собиқ бош вазир Имрон Хоннинг чақириғи билан бошланди. Ўтган дам олиш кунлари у ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, уларни пойтахт кўчаларига чиқишга ва талаблари бажарилмагунича кетмасликка чақирди.
72 ёшли Имрон Хон бир йилдан ортиқ вақтдан бери қамоқда: у бир неча айбловлар, жумладан, коррупция ва давлат сирларини ошкор қилиш айбловлари билан судланган. Бироқ Имрон Хон ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий мотивли, деб билишини бир неча бор таъкидлаган.
Имрон Хон 2018 йилда Покистон бош вазири бўлди ва коррупцияга қарши курашишга ва мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқишга ваъда берди. Кейин у мамлакатда сезиларли таъсирга эга бўлган ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланди. Хон коррупцияга қарши курашни ўз ички сиёсатининг асосий йўналиши деб эълон қилди.
2022 йил апрел ойида ишончсизлик вотуми оқибатида у ҳокимиятдан четлатилди. Таҳлилчиларга кўра, бу унга бош вазирлик курсисини эгаллашга ёрдам берган генералларнинг қўлловини йўқотгани учун содир бўлган.
Ҳокимиятдан четлатилгач, Имрон Хонга бир қанча айбловлар қўйилди. У биринчи қамоқ жазосини ўтган йилнинг август ойида олди – суд уни коррупцияда айблаб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
2024 йил январ ойида Имрон Хон давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб яна 10 йил қамоқ жазосини олди. Бир кун ўтгач, суд уни ва рафиқаси Бушра Хонни коррупцияда айблаб яна 14 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Суд қарорига кўра, Имрон Хон 2018-2022 йилларда бош вазир бўлган вақтида олинган совғаларни ноқонуний сотиш билан шуғулланган. Прокурорларнинг айтишича, бир нечта шиша атир-упа, олмос тақинчоқлар, идиш-товоқлар ва еттита қимматбаҳо соат давлатга тегишли бўлган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар топиб олди
Рақиблар ўзбек боксчисидан чўчияпти: “Боксчиларимиз кушандаси”
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
Дониёр Тошхўжаев лавозимидан озод этилди
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди