6
Италиядаги хушманзара қишлоқ Трамп бошқарувидан норози америкаликларга 1 доллардан уй таклиф қилмоқда
Фото: Roberto Tangianu/Sardegna Live
Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайта сайланиши бутун дунёда кўплаб жамоалар учун муаммоли бўлиб турган бир пайтда Италиянинг Сардиния оролидаги қишлоқлардан бири вазиятдан фойдаланиб қолиш ҳаракатига тушди, деб ёзмоқда СNN.
Италиянинг аксарият қишлоқлари каби, Оллолай ҳам аҳоли сони камайишидан ҳувиллаб қолган қишлоқ файзини тиклаш учун чет элликларни кўчириб келиш йўлларини изламоқда. Хорижликларни жалб қилиш учун қишлоқдаги эски уйлар атиги бир евро — бир доллардан сал кўпроққа сотилмоқда.
5 ноябрдаги сайлов натижаларидан сўнг потенциал америкалик муҳожирлар учун веб-сайт ишга туширилди. Сайтда кўпроқ арзон уй-жойлар таклиф қилинмоқда. Шу тариқа, қишлоқ раҳбарияти сайлов натижаларидан норози америкаликлар бўш турган уйлардан бирини тезроқ сотиб олишига умид қилмоқда.
“Глобал сиёсатдан чарчадингизми? Янги имкониятлар очиб, янада мувозанатли ҳаёт кечиришни хоҳлайсизми?” — деб сўрайди сайт. “Сардиниядаги жаннатда европача таътилни бошлаш вақти келди”.
Қишлоқ мэри Франческо Колумбу CNN телеканалига веб-сайт президентлик сайловлари олдидан америкалик сайловчиларни жалб этиш мақсадида махсус яратилганини айтди. У АҚШни яхши кўришини таъкидлаб, америкаликлар унинг қишлоғини қайта тиклашга ёрдам бера оладиган энг муносиб инсонлар эканига ишончини билдирди.
“Аввало, америкаликларга эътибор қаратишни ва улар билан ишлашни хоҳлаймиз”, — деди у. “Албатта, бошқа мамлакатлардан келган одамларга ариза топширишни тақиқлай олмаймиз, лекин америкаликлар учун жараён тезлаштирилади. Улар қишлоғимизни қайта жонлантиришга ёрдам беришига умид қиляпмиз”.
“Имтиёзли муносабат”
Колумбунинг айтишича, ҳозирда қишлоқ уч хил яшаш имкониятини таклиф қилмоқда: рақамли кўчманчилар (дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, технологик компаниялар учун онлайн ишлайдиган ходимлар) учун бепул вақтинчалик турар жой, таъмир талаб қилинадиган бир евролик уйлар ва 100 000 еврогача (105 000 доллар) нархдаги яшашга тайёр уйлар.
Шаҳар мэри қизиқиш билдирган харидорларга барча жараёнларда ҳамроҳлик қиладиган махсус гуруҳ тузилганини маълум қилди. Бу гуруҳ арзон уй-жойларни кўрсатиш учун якка тартибдаги экскурсияларни ташкил этишдан тортиб, пудратчилар ва қурувчиларни топиш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларда ёрдам беради.
Бўш турган объектларнинг фотосуратлари ва режалари тез орада сайтга юкланади.
Сўнгги юз йил ичида Оллолай аҳолиси 2250 кишидан 1300 кишига камайди, у ерда ҳар йили атиги бир нечта бола туғилди. Кўплаб оилалар оғир иқтисодий даврда иш ва яхшироқ ҳаёт излаб қишлоқни тарк этган. Ҳозир у ерда атиги 1150 киши яшайди.
Қишлоқ аҳоли сонининг камайишини тўхтатиш мақсадида янги одамларни жалб қилишга астойдил уринаётган бўлса-да, америкаликларга “имтиёзли муносабат” кўрсатиш таклифи бироз баҳс-мунозарали туюлиши мумкин.
“Америкаликлар тезлаштирилган жараёндан ўтади. Улар қишлоғимизни қайта тирилтиришга ёрдам беришига умид қиламиз, улар бизнинг жекпот картамиз”, — деди мер.
Сайтда АҚШ паспортига эга бўлиш мажбурий деб айтилмаган, бироқ шаҳар мэри АҚШ фуқароларига бошқа номзодларга қараганда афзаллик берилишини таъкидламоқда.
“Албатта, яқинда сайланган АҚШ президентининг исмига алоҳида урғу беролмаймиз, лекин ҳаммамизга маълум, ҳозирда кўплаб америкаликлар ундан қочиб, мамлакатни тарк этишни истамоқда”, — деб қўшимча қилди Колумбу.
“Ушбу сайтни айнан ҳозир, АҚШда сайловдан кейин кўчишга бўлган талабни қондириш мақсадида махсус яратдик. Ўтган йили ишга туширилган рақамли кўчманчилар дастуримизнинг биринчи версияси ҳам фақат америкаликларга мўлжалланганди”.
Мэрнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда мэрия веб-сайтига уйлар ҳақида маълумот сўраб 38 000 та мурожаат келиб тушган, уларнинг кўпчилиги АҚШдан юборилган.
Олисдаги жаннат
Оллолай аввалдан янги аҳолини жозибадор уй-жой режалари билан жалб қилишга уриниб келади.
CNN хабарига кўра, 2018 йилда шаҳар маъмурияти эски бўш уйларни бир еврога сотишни бошлаган. Кейинчалик бўш иш жойларини рамзий бир еврога ижарага беришга ўтган.
2023 йилдан бошлаб қишлоқ рақамли кўчманчилар учун “Оллолайдан ишлаш” дастурини йўлга қўйди. Шу пайтгача тўрт нафар америкалик рамзий бир евро эвазига тўлиқ жиҳозланган уйларга жойлаштирилди. Бунинг эвазига улар жамият учун бирор нарса, масалан, санъат асари ёки китоб яратиши лозим эди.
Ҳокимият масофадан ишлайдиган ходимлар учун маҳаллий оилаларнинг уйларини ижарага олиш харажатларини қоплайди, икки ётоқхонали кўп қаватли уй учун ойига тахминан 350 евро тўлаб беради. Коммунал хизматлар, маҳаллий солиқлар ва бошқа тўловлар ҳам қопланади.
Бироқ қайта тиклаш режалари маҳаллий ҳокимият умид қилганчалик яхши кетмаяпти. Колумбунинг айтишича, 2018 йилдан буён атиги 10 та уй бир еврога сотилган ва таъмирланган.
Қишлоқ ҳамон ярим бўш турибди, у ерда ҳалигача тахминан 100 та эгасиз арзон уй бор. Улар сотувга қўйилган ва яшаш учун тайёр. Уларнинг барчаси харитага киритилиб, рўйхати тузилди. Яқин кунларда харидорлар кўриши учун уйларнинг суратлари интернетга жойлаштирилади.
Биноларнинг кўпчилиги тарихий марказда жойлашган бўлиб, турли ўлчамларга эга. Улар маҳаллий гранит жинсларидан қурилган фермер ва чўпонларнинг эски уйларидир. Айрим тайёр объектлар қайта таъмирланиб, замонавий қулайликлар билан жиҳозланган.
АҚШ фуқароларидан келиб тушган аризаларга демографик талаблар қўйилмайди: улар ҳар қандай ёшдаги шахслар, нафақахўрлар, масофадан ишловчилар ёки қишлоқда кичик корхона очишни хоҳловчи тадбиркорлар бўлиши мумкин.
Оллолай серқатнов йўллардан узоқда жойлашган бўлиб, кундалик ташвишлардан холи, оддийроқ ҳаёт кечиришга интилаётганлар учун жуда мос келади.
Табиати ёввойи, тоғли ҳудудда жойлашган бу маконда қадимий деҳқончилик анъаналари сақланиб қолган. У мусаффо ҳавоси, кам сонли аҳолиси ва гўзал манзаралари билан ажралиб туради.
Кузда “cоrtеs apertas” (очиқ ҳовлилар) деб аталадиган тадбир пайтида отхоналар ва қадимий торфли майхоналар жамоатчилик учун эшикларини очади, унда шароб, ветчина, пишлоқ ва бошқа мазали таомлар таклиф этилади. Ушбу ҳудуд ўзининг маҳаллий ишлаб чиқариладиган Casu Fiore Sardo пишлоғи билан машҳур.
Оллолайнинг яна бир ўзига хос байрами ҳар йилнинг февралида ўтказиладиган ниқобли карнавалдир. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
Россия Федерацияси собиқ офицери: Ядро қуроли тўлиқ жанговар тайёр ҳолатда сақланяпти
Путиннинг ядровий огоҳлантириши — "Орешник" нималарга қодир?
Дониёр Тошхўжаев лавозимидан озод этилди
Исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланган уч киши ушланди