date
views 292

Суриянинг Сайдная қийноққа солиш қамоқхонасидаги маҳбуслар тўлиқ озод қилинди

Суриянинг Сайдная қийноққа солиш қамоқхонасидаги маҳбуслар тўлиқ озод қилинди
Сайдная қамоқхонаси Фото: Haj Kadour/AFP
10 декабр, сешанбага ўтар кечаси «Оқ дубулғалилар» нодавлат нотижорат ташкилоти тарқатган баёнотга кўра, Башар Асад режимининг шафқатсизлиги рамзига айланган Дамашқ шимолидаги Сайдная ҳарбий қамоқхонасида маҳбуслар қолмади. Ташкилот кўнгиллилари қамоқхона биносини тинтув қилишди.

Асад режими ағдарилиб, исёнчи кучлар қамоқхонага бостириб кирганидан сўнг, бедарак йўқолган маҳбусларнинг кўплаб яқинлари унинг яширин камералари ва махфий хоналарида омон қолган маҳбуслар бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Қидирувга бешта гуруҳ, жумладан, ўқитилган полиция итларидан иборат икки гуруҳ ва қамоқхона билан таниш бўлган инсайдерлар жалб қилинган. «Барча кириш, чиқиш, вентиляция шахталари, дренаж тизимлари, сув қувурлари, кабел каналлари ва кузатув камералари текширилди. Ушбу кенг кўламли саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳеч қандай яширин ёки ёпиқ жойлар топилмади», — дейилади «Оқ дубулғалилар» баёнотида.

Ташкилот раҳбари Раед Салеҳга кўра, қамоқхонада жами 150 мингга яқин киши сақланган. У сурияликлар орасида қўриқчиларнинг шафқатсизлиги ва қийноқлари билан машҳур эди, шунинг учун уни «сўйишхона» деб аташган. Маҳбуслар орасида минглаб бегуноҳ фуқаролар ҳам бор эди. Йўқолган маҳбусларни қидириш давом этмоқда ва кўплаб номаълум жасадлар Сайдная қамоқхонаси ташқарисида қолмоқда.

Сурия разведкаси икки зобити АҚШда уруш жиноятларида айбланди

9 декабр, душанба куни АҚШ Адлия вазирлиги Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг икки собиқ зобитига қарши айблов хулосасини эълон қилди. 72 ёшли Жамил Ҳасан ва 65 ёшли Абдул Салом Маҳмуд «Ал Мезза ҳарбий аэропортидаги (Ал Мезза қамоқхонаси) ҳибсхоналарда маҳбуслар, жумладан, АҚШ фуқароларига нисбатан шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабатда бўлганликда» айбланмоқда. Ҳасан ва Маҳмудни ҳибсга олиш учун ордерлар аллақачон чиқарилган, аммо улар ҳозирча озодликда қолмоқда, дея аниқлик киритди АҚШ Адлия вазирлиги.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суриянинг Сайдная қийноққа солиш қамоқхонасидаги маҳбуслар тўлиқ озод қилинди