20:44 / 11.12.2024
11

АҚШда ҳибрид самолётнинг илк сурати намойиш этилди...

АҚШда ҳибрид самолётнинг илк сурати намойиш этилди...
Фото: Bell
Bell компаниясининг вертолёт ва реактив самолёт ҳибридидан ташкил топган учар аппарати тасвири пайдо бўлди. New Atlas хабар беришича, янги учоқ АҚШ Мудофаа вазирлигининг Истиқболли тадқиқот лойиҳалари бошқармаси (DARPA) томонидан амалга оширилаётган SPRINT дастури доирасида яратилмоқда.

Х-plane деб номланган ишланма ташқи кўринишидан Bell Boeing Osprey — Америка ҳарбий конвертопланига ўхшайди. Бундай ҳибрид аппаратлар узоқ вақт давомида муҳандислар учун мураккаб муаммо бўлиб келган. Вертолётлар нотекис жойларда жуда қўл келади, лекин уларнинг тезлиги чекланган. Самолётлар тез учади, бироқ учиш-қўниш йўлакларини талаб қилади. DARPA иккала турнинг афзалликларини бирлаштириш орқали вертолётдек тик кўтарилиб, ҳавода муаллақ турадиган ва манёвр қиладиган, сўнгра реактив самолётдек тезлашадиган машина яратишга қарор қилди. Учиш пайтида аппаратнинг роторлари горизонтал парвоз учун эгилади, сўнгра ҳаво қаршилигини камайтириш мақсадида ичкарига йиғилади.

Stop/Fold деб номланган ушбу технологиянинг прототипи 2023 йилда Ню Мексикодаги HHSTT трекида муваффақиятли синовдан ўтказилганди. Энди тизим Уичито штати университетининг аэродинамик қувурида синаб кўрилди.

Х-plane’нинг асл кўриниши биринчи марта намойиш этилмоқда: силлиқ корпус, ингичка қанотлар, V-симон дум ва аэродинамик қопламалар ортига яширинган буклама роторлар. Келажакда учоқ соатига 833 километргача тезликда учиши, 9 100 метр баландликка кўтарилиши ва 370 километр масофани босиб ўтиши таъкидланмоқда. Қурилма 2 300 килограммгача юк, жумладан, кичик транспорт воситаларини таший олади.

Ишланма Ҳинд-Тинч океани минтақаси каби мураккаб шароитларда махсус бўлинмаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Юқори тезлик, бошқарув қулайлиги ва чидамлилик ушбу ҳибриднинг замонавий операциялардаги аҳамиятини оширади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда ҳибрид самолётнинг илк сурати намойиш этилди...