date
views 152

Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди

Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
Бугун, 21 декабр куни Қирғизистон Халқ қурултойида президент Садир Жапаров Европа парламенти депутатларига мурожаат йўллади, деб хабар беради 24.kg.

Аввалроқ Европарламент Темирлан Султанбековнинг ҳимояси бўйича резолюция қабул қилган ва Қирғизистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишидан хавотирда эканини билдирган эди.

Садир Жапаровнинг таъкидлашича, Европа парламентарийлари минглаб километр узоқда бўлган ҳолда ва ҳеч қандай исботларсиз хулоса чиқармоқда. «Бир неча минг километр узоқда туриб, ҳеч қандай исботларсиз резолюция қабул қиляпсиз. Келинглар, бизда ҳаммаси тоза эканини кўринглар», — дейди у.

Қирғизистон президенти мамлакатда сайлов жараёнидаги норозиликлар натижасида учта инқилоб юз берганини эслатиб, овозларни сотиб олишга қарши курашнинг аҳамиятини қайд этди. «Социал-демократлар партияси овоз сотиб олиш учун 1,5 миллион сўмни тарқатганида қўлга тушди. Бунга биз қандай чора кўришимиз керак — бошини силайликми?» — дейди Жапаров.

Президентнинг таъкидлашича, республикада сайловлар шаффофлигини таъминлаш, жумладан, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишда катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

«Келажакда бизда президент ва Жогоргу Кенеш сайловлари бўлиб ўтади. Биз МСКни замонавий ускуналар билан таъминлашга 2 миллиард сўм сарфладик. Келажакда уйдан туриб овоз бериш мумкин бўлади», — дейди у.

Садир Жапаров мамлакат аҳолисини хотиржам бўлишга ва провокацияга учмасликка чақирди. «Овозларингизни сотманглар. Агар овозингизни сотиб олмоқчи бўлишса, уларнинг юзига тупуринг», — дея қўшимча қилади Қирғизистон президенти.

Бундан ташқари, давлат раҳбари европалик парламентарийларга мурожаат қилиб, уларни Қирғизистон суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди. «Биз мустақил давлатмиз, шу боис бизнинг жараёнларимизга аралашманглар. Биз сизлар билан ҳамкорликка тайёрмиз», — дея таъкидлайди у.

Маълумот учун, Темирлан Султанбеков Социал-демократ партияси етакчиси ҳисобланади. 13 ноябр куни партия штабида тинтув ўтказилган ва Султанбеков сўроққа олиб кетилган эди. Ўша куни у кечқурун уйига қайтиб келган, аммо соат 04:30 ларда яна милиция ходимлари келиб, уни олиб кетган. ИИББнинг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган Султанбеков очлик эълон қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди