08:30 / 25.12.2024
6

Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади

Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади
Фото: Krzysztof Głowinkowski
Полша ҳукумати мактаб ўқувчилари учун мажбурий бошланғич ҳарбий тайёргарлик машғулотларини, жумладан, ўқ отишни ўргатиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўқитишни жорий қилди. Мамлакат ҳукуматининг қайд этишича, мазкур янгилик «Украинадаги уруш муносабати билан давлат хавфсизлигига ўсиб бораётган таҳдидларга» жавоб қайтаришга мўлжалланган.

Янги фан «Хавфсизликка ўргатиш» номини олган. Бошланғич мактабларнинг 8-синфлари ва ўрта мактабнинг 1-синфлари (14-16 ёшли ўсмирлар) мазкур дарсларга киришга мажбур. Бу турдаги дарслар Полшада 2022 йилдан бери мавжуд, аммо улар олдин ихтиёрий эди. Энди Миллий мудофаа вазирлиги билан келишилган ўқув дастуридан «ўт очишга тайёргарлик», «ўқ отиш маҳоратини ошириш», «қутқарув операциялари асослари» ва «ҳарбий ҳаракатлар шароитида таҳдидларга қарши тура олиш» машғулотлари ўрин олган. Шунингдек, дастур қуролларни ёйиб-йиғиш, нишонларни аниқ мўлжалга олиш бўйича машқларни ҳам ўз ичига олади. Машғулотлар мактабларнинг спорт залларида ўтказилади, жанговар патронлар ўрнига лазер нурларидан фойдаланилади.

«Бошланғич мактабларда талаблар қурол билан хавфсиз муомала қилиш бўйича назарий тайёргарликни ўз ичига олади. Ўрта мактабларда амалий компонентларга эга базавий отиш тайёргарлиги машқлари хавфсиз инструментлардан фойдаланилган ҳолда ўтказилади», — дейилади хабарда.

Ҳарбий тайёргарлик асослари машғулотларига ҳафтасига бир соатдан ортиқ вақт ажратилмайди. Таълимнинг асосий вазифаси — давлат хавфсизлигини, фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларини таъминлашдир.

Россия томонидан Украинага қарши уруш бошланганидан кейин Полша ҳарбий харажатларини сезиларли даражада оширди. 2024 йилда мамлакат мудофаа бюджети ЯИМнинг 4,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2025 йилда у 4,7 фоизга етказилади.

Шунингдек, декабр ойида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Россия ва Беларус билан қўшни олтита Европа мамлакати ўз чегаралари ҳимояси учун 170 миллион евро олишини маълум қилганди. Ушбу маблағларнинг 52 миллион евроси Полшага, 50 миллион евро — Финландияга, 17 миллион евро — Латвияга, 15,4 миллион евро — Литвага, 19,4 миллион евро — Эстонияга ҳамда 16,4 миллион евро — Норвегияга ажратилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади