The Administration of Mangystau Region / AP / Scanpix / LETA
Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг 25 декабр куни Боку — Грозний йўналишида парвоз қилиб, Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаган самолёти Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, деб хабар берди 26 декабр куни Euronews телеканали ўз манбасига таяниб. Журналистларнинг Озарбойжон ҳукуматидаги манбалари самолёт ҳалокатига Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлганини айтишган.
Манбаларга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар «фаоллашган» вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) AZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.
Нашрнинг Россиядаги манбалари Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти Чеченистон ҳудудидан учиб ўтаётган вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина учувчисиз учиш аппаратларини уриб туширмоқчи бўлганини айтган. Чеченистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари Ҳамзат Қодиров ҳам чоршанба куни тонгда Грознийга дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган ва дронлардан бири акс этган видеони намойиш этганди.
Бокудаги AnewZ нашри Озарбойжон ҳукумати манбаларига таяниб, ракета Pantsir-S ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилганини хабар қилган.
Euronews манбалари айтишича, учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаган. Боку — Грозний рейси йўловчиси, ҳалокат вақтида енгил жароҳат олган Субҳонқул Раҳимов ТАСС мухбири билан суҳбатда Azerbaijan Airlines экипажи самолётни Грознийга қўндириш учун уч марта уринганини айтиб берган. Euronews ёзишича, экипажга Каспий денгизи орқали Қоғоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган. Мавжуд маълумотларга кўра, самолётнинг GPS навигация тизимлари денгиз устидаги парвоз давомида ўчирилган.
Британиянинг авиация хавфсизлигига ихтисослашган Osprey Flight Solutions компанияси ўз мижозларини «Azerbaijan Airlines рейси катта эҳтимол билан Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани» ҳақида огоҳлантирган, деб хабар бермоқда Associated Press агентлиги.
Озарбойжон, Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари самолётни россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширгани ҳақидаги версияни расман изоҳламаяпти. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 25 декабр куни AZAL самолёти «об-ҳаво ёмонлашиши» туфайли йўналишни ўзгартиргани, авария эса Қозоғистонга «қўниш чоғида» рўй берганини айтганди. «Авария сабаблари бизга маълум эмас. Турли версиялар бор. Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Масала тўлиқ текширилиши керак», — деганди Алиев.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл тергов хулосалари чиқмагунича «қандайдир гипотезалар қурмаслиги»ни айтган. Қозоғистон сенати спикери Маулен Ашимбаев фотосуратларга асосланган ҳолда Озарбойжон самолёти ўққа тутилгани ҳақидаги тахминларни «спекуляция» деб атади. «Бундай тахминларни тарқатиш нотўғри ва ахлоқсизликдир… Комиссия, мутахассислар ишлаяпти, экспертлар ҳаммасини кузатмоқда, улар ўз хулосаларини чиқаради», деган у.
Самолёт ҳалокатга учраганидан бироз ўтиб лайнернинг бутун қолган дум қисми қопламасида зенит ракетанинг шикастловчи элементлари қолдирадиган излар акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди.
Ҳалокат оқибатида уч мамлакат — Озарбойжон, Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳалок бўлган. Озарбойжон соғлиқни сақлаш вазирлиги авиаҳалокат қурбони бўлган 25 киши рўйхатини эълон қилган, булар ёши 19 дан 64 гача бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари. 1news хабар беришича, рўйхатга фақат Озарбойжон фуқаролари киритилган. Қозоғистон ФВВ маълумотига кўра, ҳалокат оқибатида ушбу мамлакатнинг олти нафар фуқароси ҳалок бўлган.
Шунингдек, авиаҳалокат етти нафар россияликни ҳаётдан олиб кетган, деб хабар берган Қозоғистон транспорт вазири Марат Карабаев. Қирғизистоннинг самолётда бўлган уч фуқароси ҳам тирик қолган.
26 декабр ҳолатига кўра, авиаҳалокат қурбони бўлган 10 кишининг жасади топилган: Озарбойжоннинг тўрт фуқароси, уч россиялик ҳамда уч қозоғистонлик, деб хабар берган РИА Новости мухбирига Қозоғистон ФВВ.
26 декабр тонгида РФ ФВВ борти авиаҳалокатдан омон қолган тўққиз россияликни Оқтовдан Москвага олиб қайтган. Жароҳатланган озарбойжонликларни ҳам 26 декабр кунининг иккинчи ярмида Бокуга олиб кетишга тайёрлай бошлашган.
Озарбойжонда 26 декабр — мотам куни. Авиаҳалокат қурбонлари Azerbaijan Airlines рейси ҳавога кўтарилган Боку аэропортида бир дақиқалик сукут билан ёдга олинди. Бу ерда қурбонлар хотирасига ёдгорлик стенди ўрнатилган. Чеченистон ҳукумати самолёт ҳалокатида қурбон бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишни ваъда қилган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон: “Суриядаги курд жангарилари ё қуролларини топширади, ё дафн қилинади”
Рим папаси Россия ва Украинани қуролларини ташлашга чақирди
Путин МДҲ етакчилари билан учрашувда қандай фикрлар билдирди?
Россия разведкачилари аскарларни қандай асирга олишди?
Венгрия бош вазири: “Украинадаги уруш 2 хил йўл билан тугайди”
Путин учинчи жаҳон уруши ҳақидаги саволга қандай жавоб берди?
Венгрия бош вазири: Европа Украинадаги можарода ютқазди
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди