Қозоғистонда 72 нафар аскар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик вайрон қилинди (видео)

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган жойдаги ёдгорлик вайрон қилинди. Уни бузган шахсларни аниқлаш бўйича қидирув ишлари бошланган. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тараз шаҳрининг Қорасув мавзесидаги қабристонда жойлашган ёдгорлик бузилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ушбу ҳудудда уруш йилларида эвакуация госпиталларида олган жароҳатлари оқибатида вафот этган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган.
Қайд этилишича, ёдгорлик 2026 йил 15 октябрь куни кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларидан сўнг қайта очилган. Ишлар Тараз шаҳар ҳокимлиги ҳамда Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги ҳамкорлигида амалга оширилган.
Жамбил вилояти ҳокимлиги воқеани тасдиқлаб, вилоят ҳокими Ербол Қорашўкеев ҳолатни алоҳида назоратга олишни топширганини билдирган. Ёдгорликни қайта тиклаш ишлари ҳам назоратга олинган.
Жамбил вилояти полиция департаменти эса ёдгорликни таҳқирлаш ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган. Айни пайтда ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
20 ноябрь куни ёдгорлик тўлиқ қайта тиклангани ҳақида хабар берилди. Бироқ уни бузган шахсларни аниқлаш бўйича тергов давом этмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…