15:39 / 16.01.2025
38

Байден ва Трамп оламшумул воқеа юзасидан "мен қилдим" дея даъво қилишмоқда

Байден ва Трамп оламшумул воқеа юзасидан "мен қилдим" дея даъво қилишмоқда
Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган урушни тугатишга келишиб олгани ҳақида хабар бергандик.

Ушбу келишув кимнинг хизмати эвазига амалга ошди деган масалада АҚШ президенти Жо Байден ва янги сайланган президент Дональд Трамп фарқли баёнотлар берди. Янада аниқроқ айтилса, ҳар икки сиёсатчи тинчлик битимидаги бирламчи ҳиссасига урғу бермоқда.

«Оташкесимга оид ушбу оламшумул битим ноябрь ойидаги тарихий ғалабамизнинг натижасидир. Ушбу ғалаба бутун дунёга менинг маъмуриятим тинчликка интилиши ва барча америкаликлар ҳамда иттифоқчиларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун музокаралар олиб боришига ишора этди», – деб ёзди 20 январдан расман президентлик ваколатига киришиши кутилаётган Трамп.

Ўз навбатида, Байден тинчлик битими у май ойида таклиф этган ташаббус маҳсули экани ҳақида баёнот берди.

«Бу нафақат ҲАМАСга босим, Ливандаги сулҳ ва Эроннинг заифлашуви ортидан минтақавий вазият ўзгариши маҳсули, айни пайтда Америка дипломатиясининг қатъий ва сермашаққат фаолияти натижасидир. Менинг дипломатик хизматим бунга эришиш учун бир лаҳза ҳам тиним билмади», – деди АҚШнинг лавозимини топшираётган раҳбари Байден.

Трамп ва Байденнинг баёноти АҚШнинг бошқа бир президенти Жон Кеннедига нисбатан бериладиган «Ғалабанинг отаси кўп, мағлубият эса ҳамиша етим» деган фикрни ёдга солади.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо бостириб кирганидан буён, 467 кундан бери давом этаётган урушда 46707 нафар фаластинлик (уларнинг катта қисми болалар ва аёллар) ҳалок бўлди, 110265 киши яраланди. Ғазо бўлгаси Исроил бомбардимонларида буткул вайрон бўлди.

Тинчлик битимига эришилгани ҳақидаги хабардан кейин Исроил армияси Ғазо секторига уюштирган ҳужумларда камида 23 киши ҳалок бўлди.

Сулҳ битими 19 январь, якшанба куни кучга кириши айтилмоқда.

Қайд этиш жоизки, АҚШ Исроилни ҳам дипломатик, ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жабҳада яқиндан қўллаб-қувватлаб келади. Жумладан, Вашингтон Тель-Авив катта миқдорда қурол-аслаҳа етказиб бермоқда.

АҚШ Халқаро жиноят суди ҳибсга олиш ҳақида ордер берган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун ҳатто ўз қадриятларига қарши бўлган чораларга ҳам киришган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг