Миграция агентлиги Ўзбекистондаги оғир юк машина ҳайдовчилари Германияга ишга таклиф қилинаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Миграция агентлиги, Германиянинг SBH West GmbH (Stiftung Bildung & Handwerk) ҳамда “Ватанпарвар” ташкилотлари ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Икки давлат миграция соҳасида илк бор амалиётга тадбиқ этилаётган бу келишув натижасида 700 нафар ўзбекистонлик юк машиналари, автобус ва локомотив ҳайдовчиси сифатида Ўзбекистон ҳудудида немис тилига ўқитилиб, “Ватанпарвар” ташкилотида касбий қайта тайёрлов курсларида малака оширади ва Германияга тўғридан-тўғри ишга юборилади.
Ойлик маош 2400—2600 еврони ташкил қилади.
“Ҳозирда Германияда 80 мингга яқин оғир юк ҳайдовчиларига талаб бор. Бу борада ўзбекисёнлик ишчиларнинг тил ўрганиш борасидаги салоҳияти ва касбий ўзлаштириш қобилияти Германия иш берувчилари томонидан алоҳида эътиборга олинмоқда”, дейди SBH West GmbH директори Петер Ниэманн.
Унинг билдиришича, имзоланган уч томонлама ҳамкорлик меморандуми доирасида виза жараёнларидан келиб чиқиб йилига 500 нафар ишчини тил ва малака курсларида тайёрлаб, тўғридан тўғри иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда бир гуруҳ тингловчи онлайн дарсларда иштирок этмоқда, яқин кунларда янги гуруҳлар очилади ва кенг миқёсли ўқишлар бошланади. Мурожаат учун Миграция агентлигининг қуйидаги рақамларига боғланиш мумкин: 1282, 71 202-33-55 (10/17).
2025 йил 17 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Германиянинг SBH West GmbH ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказиб, Ўзбекистон ва Германия ўртасида касб-ҳунар таълими ва чет элда фуқароларни иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган асосий масалаларни муҳокама қилган.
Унда Ўзбекистон фуқароларини Германияда юк ва автобус ҳайдовчиси сифатида ишга жойлаштиришга кўмаклашишга қаратилган уч томонлама меморандумни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ҳудудларида SBH West GmbH ўқув марказларининг филиалларини ташкил этишга келишиб олди. Ушбу таълим муассасалари Германия меҳнат бозори талабларига мослаштирилган касбий таълим дастурларини таклиф этади. Бундай марказларнинг битирувчилари Германияда муваффақиятли ишга жойлашиш учун зарур кўникма ва малакаларга эга бўлади.
Эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон фуқаролари учун халқаро меҳнат бозорларида янги иш ўринлари яратиш имконини беради ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим, миграция ва малака ошириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
Германияда юк автомобили ҳайдовчиси етишмаётгани ҳақида аввал ҳам хабар берилганди. Папенбург логистика компанияси ҳам Ўзбекистондан ҳайдовчиларни ишга жалб қилмоқчи. Уларни ўқитишга ҳам тайёр. Ушбу компанияда ишлаётган ўзбекистонлик йигитлардан бири амалиёт даврида ойига 800 евро ишлаб топган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар