АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўз инаугурацияси арафасида Вашингтондаги Capital One Arena комплексида тарафдорларининг митингида иштирок этиб, давлат раҳбари сифатидаги биринчи кунида кўплаб фармонларни имзолашга ваъда берди.
«Биз ғолибмиз!» — деган Трамп оломон ҳайқириқлари остидаги нутқи аввалида.
У янги маъмурият «Вашингтондаги муваффақиятсиз истеблишмент ҳукмронлигига барҳам бериш» ва «Американи яна буюк қилиш» ниятида эканини айтган.
«Эртага тушда Американинг тўрт йиллик таназзули устидан парда тортилади ва биз Американинг кучли ва фаровонлиги, қадр-қиммати ва ғурури учун мутлақо янги саҳифани очамиз. Буларнинг барчасини бир умрга қайтарамиз», — деган Трамп.
У шунингдек ноқонуний иммигрантларнинг Америка чегараларига «босқини»ни тўхтатишга, душанба кунги инаугурация нутқида аниқ чораларни эълон қилишга ваъда берган.
Экспертлар унинг миллионлаб нелегал мигрантларни депортация қилиш ваъдаси улкан логистик қийинчиликларга учраши ҳамда ўнлаб ёки юзлаб миллиард долларга тушиши мумкинлигини айтишмоқда, деб ёзади BBC.
«Америка халқи бизга ишонди ва бунинг эвазига биз уларга Америка тарихида президентлик давридаги энг яхши биринчи кунни, энг ажойиб биринчи ҳафтани ва энг муваффақиятли биринчи 100 кунни берамиз», деди Доналд Трамп тарафдорларига.
Трампнинг сўзларига кўра, душанба куни у америкаликларни «жуда қувонтирадиган» кўплаб фармонларни имзолашни режалаштирган.
Фото: Reuters
«Барчаси эртадан бошланади. Эртага телевизорни томоша қилиш жуда завқли бўлади», — дея ваъда берган Доналд Трамп.
Душанба куни у 200 дан ортиқ ҳужжатни, жумладан, ижро фармойишлари ва бошқа президентлик фармойишларини имзолаши кутилмоқда.
«Байден маъмуриятининг ҳар бир радикал ва аҳмоқона қарори қасамёд қабул қилганимдан кейинги бир неча соат ичида бекор қилинади», — дея қўшимча қилган Трамп.
Трамп ўзининг биринчи ташаббуслари АҚШ чегара хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилиш, хилма-хиллик ташаббусларини чеклаш, 2021 йил 6 январда Капитолийда бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларини афв этиш, табиий ресурслар қазиб олишни кўпайтириш, давлат хизматчиларининг оммавий алмашинуви ва бошқа сиёсий масалаларга тегишли эканини айтган.
Трампнинг чиқиши анча давомли бўлди ва сайловолди нутқларини ёдга солиб юборди. Томошабинларга видеороликлар намойиш этилди, саҳнага миллиардер Илон Маск чиқиб келди, шунингдек, Трамп ўзининг янги маъмуриятидаги муҳим амалдорларни таништирди.
Ўз нутқида Трамп Ғазодаги сулҳ бўйича келишувга ҳамда TikTok ижтимоий тармоғи атрофидаги вазиятга тўхталди, шунингдек Украинадаги урушни якунлашга яна бир бор ваъда берди, аммо буни айнан қандай уддаламоқчи эканига ойдинлик киритмади.
«Бу келишувга фақат ноябрдаги тарихий ғалабамиз натижасида эришилиши мумкин эди», — деган у Яқин Шарқдаги вазият ҳақида.
Трамп келишувга эришишдаги ёрдами учун Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткоффга миннатдорчилик билдирган.
«Биз президент бўлмасдан туриб, улар тўрт йил мобайнида амалдаги президент билан эришганидан кўпроқ нарсага эришдик», — деган Трамп.
Сайланган президент TikTok ижтимоий тармоғи ўзига ёқиши ҳақида гапириб, «тиктокни сақлаб қолиш зарурлиги»ни айтган, бундан аввалроқ ижтимоий тармоқни Хитойдан ташқаридаги шахсга сотишни талаб қилувчи қонун кучга киргани туфайли америкалик фойдаланувчилар ундан вақтинча фойдалана олмай қолганди, Трампнинг тақиқни уч ойга кечиктириши туфайли якшанба куни фаолиятини тиклаганди.
«Бугундан тикток АҚШга қайтмоқда», — деган Трамп.
«Тўғрисини айтсам, бошқа иложимиз йўқ, уни сақлаб қолишимиз керак. Бу жуда кўп иш ўринлари дегани. Биз бизнесимизни Хитойга бермоқчи эмасмиз, биз ўз бизнесимизни бошқаларга бермаймиз», — дея қўшимча қилган у.
Митинг Вашингтон майдонидаги 20 мингга яқин киши сиғадиган Capital One Arena стадионида бўлиб ўтган.
Трамп душанба куни лавозимга киришганидан кейин ҳам шу ерда чиқиш қилади.
Вашингтондаги совуқ ҳарорат туфайли Трампнинг инаугурация маросими одатдагидек Капитолий биноси ташқарисида эмас, ичкарисида бўлиб ўтади, аммо совуқ об-ҳаво сайланган президентнинг минглаб тарафдорларига унинг якшанба куни кечқурун ўтказилган митингига келишига тўсқинлик қилмади.
Оқшомда мусиқачилар, жумладан The Village People гуруҳи ҳам чиқиш қилди, унинг YMCA қўшиғи Трампнинг сайловолди кампанияси саундтреки бўлганди.
Концертни эса Кид Рок очиб берди, у қўшиғи ўртасида қора шляпасини Make America Great Again ёзувли қизил кепкага алмаштирди.
Митинг олдидан Трамп сайланган вице-президенти Вэнс билан биргаликда Вашингтон яқинидаги Арлингтон қабристонига ташриф буюриб, гулчамбар қўйган ва АҚШ фахрийларини хотирлаган.
Президент ва вице-президентнинг рафиқалари Мелания Трамп ва Уша Вэнс ҳам Арлингтон қабристонига борган
АҚШ собиқ генерали: Трамп Путинга кучини кўрсатишга ҳаракат қилади
АҚШнинг истеъфодаги генерали Бен Ҳоджеснинг фикрича, Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларида кучли эканини намойиш этади. АҚШнинг Европадаги қўшинларининг собиқ бош қўмондони 17 январ куни Der Spiegel нашрига берган интервюсида шундай деган: «Мен президент Трамп мағлубиятга учраган одам бўлишни истамайди, деган умиддаман».
Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказиш имконияти ҳақидаги саволга Ҳоджес Трампнинг сайлов кампанияси давомидаги барча баёнотларини том маънода қабул қилмаслигини айтади. Сайлов кампанияси давомида республикачи Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаганди.
Унинг ёндашуви Россия ва Украинага музокаралар олиб бориш ва тезда тинчлик ўрнатиш учун қаттиқ босим ўтказишдан иборат эди. Бу Трампнинг Украинага қўллаб-қувватлашни қисқартириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Бироқ, сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, республикачи, хусусан, олти ой ичида урушни тугатиш учун ечим топишга умид қилаётганини айтиб, янада эҳтиёткорона гапира бошлади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар