Фото: AP Photo
Франция президенти Эммануэл Макрон “армияни кучайтириш учун” кўпроқ ёш кўнгиллиларни сафарбар қилиш лойиҳасини эълон қилди. У ҳукумат ва ҳарбийларга тегишли таклифларни ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда Lе Моndе хабар берди.
Макрон Францияни мослашишга мажбур қилаётган “таҳдидлар тўплангани”ни таъкидлади. У мамлакат 2030 йилга бориб 210 минг нафар ҳарбий ва 80 минг нафар захирадагиларга эга бўлишни мақсад қилганини айтди.
У, шунингдек, “Европанинг стратегик уйғониши”га чақириб, мудофаа устуворликлари бўйича стратегик шарҳни янгилаш ташаббуси билан чиқди.
“Келинг, ўзимизни алдамайлик. Украинадаги можаро эртага ёки индинга тугамайди”, деди Франция президенти.
Макрон Европада “европаликларсиз ва уларнинг музокараларисиз” тинчлик ва хавфсизлик бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Бугунги кун олдимизда турган вазифа - Украинага бардош бериши ва келажакдаги ҳар қандай музокараларга кучли позициядан кириб бориши учун воситалар беришдир. Эртага, жанглар тўхтаганидан сўнг, вазифамиз Украинага ўз ҳудудида урушнинг қайта бошланишига қарши кафолатлар бериш, шунингдек, ўз хавфсизлигимизни таъминлаш бўлади”, деди Макрон.
Франция етакчиси ҳукумат ва қуролли кучлар штабига “ёш кўнгиллиларга қуролли кучларда ўқиш ва сафларини мустаҳкамлаш имкониятини бериш” учун май ойигача таклифлар ишлаб чиқишни сўраб мурожаат қилди.
“Биз кўнгиллиларни янада самаралироқ аниқлашимиз, уларни тайёрлашимиз ва зарур пайтда Франция ҳудудида ёки бошқа жойларда қўшинларни қўллаб-қувватлаш учун сафарбар қилишга тайёр бўлишимиз керак. Профессионал армиядан сўнг, энди биз қўшимча ёрдам ва кучайтиришни таъминлаш учун профессионал захира кучларини сафарбар қилишимиз лозим”, деди у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар