Фото: Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп 21 январ, сешанба куни АҚШда сунъий интеллект (СИ) инфратузилмасини ривожлантиришга 500 миллиард долларгача (479,6 миллиард евро) сармоя киритишни мақсад қилган Stargate лойиҳаси ишга туширилганини эълон қилди.
Лойиҳани йирик сунъий интеллект ишлаб чиқарувчиси OpenAI, Япониянинг SoftBank концерни ҳамда дастурий ва техник воситалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Американинг Oracle компанияси амалга оширади. Ҳамкорлар орасида Microsoft, MGX, Arm ва NVIDIA ҳам бор.
Stargate раҳбарлари билан бир қаторда сўзга чиққан Доналд Трамп лойиҳа «деярли зудлик билан» 100 000 иш ўрни яратишига ва Қўшма Штатларнинг «технологик келажаги»ни таъминлашига ваъда берди. «Ушбу монументал ташаббус Американинг янги президент давридаги салоҳиятига ишончнинг ёрқин декларациясидир», деди Трамп. Лойиҳа Техаснинг Абилин шаҳрида маълумотлар маркази қурилиши билан бошланади.
Аввалроқ Оқ уйнинг янги раҳбари ўзидан олдинги президент Жо Байденнинг сунъий интеллектни тартибга солиш ҳақидаги фармонини бекор қилганди. Бекор қилинган қоидаларга кўра, OpenAI ва Google каби йирик компаниялар хавфсизлик маълумотлари ва бошқа махфий маълумотларни федерал органларга топширишлари керак эди. Йирик технология компаниялари ташаббусни қўллаб-қувватлади, бироқ кичикроқ СИ компаниялари – кўпчилиги Доналд Трампни қўллаб-қувватлаяпти – бунга қарши чиқди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар