15:13 / 24.01.2025
414

Андрей Сибига Трампнинг Путинга чақириғи ҳақида: «Бу кучли сигнал»

Андрей Сибига Трампнинг Путинга чақириғи ҳақида: «Бу кучли сигнал»
Фото: dzen.ru
Киев АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш зарурлиги ҳақидаги «ҳал қилувчи баёноти»ни олқишлайди, деди Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига 23 январ, пайшанба куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида «Украина: олдинга йўл» муҳокамаси чоғида.

«Биз президент Трампнинг бундай қатъий баёнотларини олқишлаймиз. Ва биз у ғолиб бўлишига ишонамиз. Биз бу урушни тугатиш ва узоқ муддатли адолатли ва кенг қамровли тинчлик қарорига эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларда янги куч учун қўшимча имкониятга эга эканлигимизга ишонамиз», — дея Сибигадан иқтибос келтиради «Интерфакс-Украина» агентлиги.

Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россияга босимни кучайтириш ва уни музокарага мажбур қилиш зарурлигига ишора қилди. «Бизга АҚШ раҳбарияти керак. АҚШнинг кўпроқ иштироки керак», — деди у. Шу билан бирга, вазир Россиянинг кейинги тажовузкорлиги учун нархни, хусусан, қаттиқ санкциялар сиёсати орқали ошириш, шунингдек, Украинани мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Сибига сўзларига кўра, Украинага «биринчи навбатда жанг майдонидаги вазиятни барқарорлаштириш ва ҳарбий мудофаа салоҳиятни мустаҳкамлаш учун тўхтатувчи воситалар пакети» зарур.

Трамп - Путинга: «Урушни тугатиш вақти келди, акс ҳолда бундан баттар бўлади»

Бир кун аввал Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғи орқали Россия президенти Владимир Путинни Украинага қарши урушни тўхтатиш бўйича зудлик билан битим тузишга чақириб, акс ҳолда Россия АҚШнинг янги санкцияларига дуч келишидан огоҳлантирган эди.

Трамп «Россияга зарар етказишни истамаслигини», «рус халқини севишини» ва «Путин билан ҳар доим жуда яхши муносабатда бўлганини» таъкидлади, бироқ қўшимча қилди:

«Иқтисодиёти таназзулга юз тутаётган Россияга ва президент Путинга жуда катта ёрдам бермоқчиман. Ҳозироқ келишув тузинг ва бу бемаъни урушни тўхтатинг! Тез орада келишув тузмасак, вазият янада ёмонлашади. Менда Россия АҚШ ва иттифоқдош давлатларга сотган ҳамма нарсага юқори солиқлар, божлар ва санкциялар жорий этишдан бошқа иложим йўқ».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг