09:17 / 26.01.2025
416

Украина сафарбарлик қоидаларига янги ўзгартиришлар киритмоқда

Украина сафарбарлик қоидаларига янги ўзгартиришлар киритмоқда
Фото: Getty Images
Украина президентининг офиси яқин кунларда 18-25 ёшдаги эркакларни ҳарбий хизматга чақириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини эълон қилади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик департаменти маслаҳатчиси Николай Шур маълум қилди.

Шурнинг айтишича, гап сафарбарликка жалб этилмайдиган 18-25 ёш оралиғидаги фуқаролар билан ихтиёрий равишда шартнома тузиш ҳақида кетмоқда. Шартномани имзолаганлар молиявий жиҳатдан рағбатлантирилади ва бошқа имтиёзларга ҳам эга бўлади.

«Қонунчиликка ҳам, президент фармонларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилади. Ҳужжатларга турли даражадаги ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда. Ўйлайманки, яқин кунларда тақдимот бўлади. Ҳозир техник жиҳатлари келишилмоқда, яна нимадирлар ўзгариши мумкин. Мудофаа вазирлиги, Бош штаб, жамоат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Концепция ишлаб чиқилган», — дейди Шур.

Украинада 2022 йил 24 февралдан бери умумий сафарбарлик амалда. Ўтган йил баҳорида унинг қоидаларига ўзгартиришлар киритилган: хусусан, ҳарбий хизматга чақирув ёши 27 дан 25 ёшга туширилган эди.

Россия кучларининг ҳужумлари сабаб АҚШнинг олдинги администрацияси Киевни сафарбарлик ёшини 25 дан 18 ёшга туширишни таклиф қилганди. Украина томони буни рад этиб, асосий муаммо қурол-яроғ етишмаслигида эканини билдирганди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Ғарбдан «бир йилдан ошиқроқ вақт олдин» Украина Қуролли кучларининг 10 та бригадасини таъминлашни сўраган, аммо ҳозирги кунга келиб уларнинг фақат 2,5 таси қуроллантирилган.

«Европалик ёки америкалик амалдорларда сафарбарликни тезлаштириш режаси бўлса, шерикларимиз ўз ишини, биз эса ўзимизнинг ишни қилишимизни хоҳлайман», — деган эди Зеленский.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг