18:37 / 03.02.2025
321

Путин ва Трамп учрашуви Саудия Арабистони ёки БААда ўтказилиши мумкин

Путин ва Трамп учрашуви Саудия Арабистони ёки БААда ўтказилиши мумкин
Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг эҳтимолий учрашуви Саудия Арабистони ёки Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилиши мумкин. Reuters агентлиги икки россиялик манбага таяниб шу ҳақда хабар берди.

Манбаларнинг маълум қилишича, сўнгги ҳафталар давомида Россиянинг юқори мартабали амалдорлари Саудия Арабистони ва БААга ташриф буюрган. Бироқ, маълумотларга кўра, ушбу таклифга маълум бир қарама-қаршиликлар мавжуд, чунки бу давлатлар АҚШ билан яқин ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларига эга. Россия ва Украина ўртасида илк музокаралар ўтказилган Туркия эса бу сафар учрашув жойи сифатида кўриб чиқилмаяпти.

Reuters'нинг хабар беришича, Трамп АҚШ президентлиги даврида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан илк суҳбатлардан бирини ўтказган. Шунингдек, 2023 йилда Путин Саудия Арабистони ва БААга ташриф буюриб, маҳбуслар алмашинувида кўрсатган ёрдами учун Муҳаммад бин Салмонга миннатдорчилик билдирган.

Муҳаммад бин Салмон ва БАА раҳбари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Украинадаги можаро давомида Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган. БАА эса Россия ва Украина ўртасидаги асирлар алмашинувида воситачи сифатида қатнашган. Шунингдек, улар Украина президенти Володимир Зеленский билан алоқаларни ҳам сақлаб келмоқда.

Қолаверса, мазкур икки давлат Путинни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордерни чиқарган Гаага судининг аъзоси эмас.

Кремль мазкур хабарларга муносабат билдиришдан бош тортган, Саудия Арабистони ва БАА ҳам бу борада изоҳ бермаган.

Шунингдек, январь ойида Трамп Саудия Арабистони ва ОПЕК давлатларини нефт нархини туширишга чақирган. Унинг фикрига кўра, агар ёқилғи нархи камайганида, Россия ва Украина ўртасидаги можаро тезроқ якунланган бўларди.

3 февраль куни Трамп ўз маъмурияти Украина, Россия ва бошқа давлатлар билан учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди. Бироқ, бу учрашувларда аниқ қайси томонлар иштирок этиши ҳақида тафсилотларни ошкор қилмади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг