00:22 / 05.02.2025
93

AZAL самолёти ҳалокати юзасидан дастлабки тергов натижалари эълон қилинди

AZAL самолёти ҳалокати юзасидан дастлабки тергов натижалари эълон қилинди
Фото: Қозоғистон Транспорт вазирлиги
Қозоғистон Транспорт вазирлиги 25 декабрь куни Оқтов яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти ҳалокатини текширишнинг дастлабки натижаларини ўз ичига олган ҳисоботни эълон қилди.

Ушбу ҳисоботда келтирилган маълумотлар дастлабки бўлиб, барча материалларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш натижаларига кўра тўлдирилиши мумкин. Ишлар якунлангандан сўнг, авиация ҳодисаси бўйича текширув натижалари асосида якуний ҳисобот тайёрланади, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, ҳисоботда таъкидланишича, комиссия ҳаво кемаси тузилмаларининг шикастланишларини батафсил текширишни давом эттирмоқда.

Экипажда дастлабки муаммолар 05:13:31 да юзага келган, ҳаво кемасига зарба берилган, шундан сўнг автопилотнинг ўчирилганлигини билдирувчи овозли сигнал ишга тушган.

3-гидравлик тизимида босим қисқа вақт ичида кескин тушиб кетган. 3-гидравлик тизимидаги суюқлик даражаси 0 фоизга қадар пасайган. Бошқарув рулларининг (ELEVATOR, AILERON, RUDDER) ҳолати нол нуқтасида қотиб қолган ва парвоз охиригача шу ҳолатда сақланган.

Соат 05:13:56 да иккинчи зарба қайд этилган. Командир экипаж билан алоқага чиқади:
- Алло, нима бўлди?

- Иккита ўриндиқ портлади, яқинлаша олмаяпман, чунки йўловчилар ўринларидан туриб кетишди, уларни жойларига ўтқазяпман.


Учувчилар иккинчи зарбани қушлар билан тўқнашув деб ўйлайди.

Экипаж Грозний билан мулоқот пайтида бошқарувни йўқотаётганини маълум қилади. Минводи, кейин Махачқалъадан об-ҳавони сўрайди, шундан сўнг Бокуга қайтишга қарор қилади.

Соат 05:26:58 да Грозний билан мулоқот тўхтатилади. 05:29:24 да Ростов минораси билан алоқа бошланади.

Об-ҳаво яхши бўлгани учун 05:42:40 да Оқтовга учишга қарор қилинди. Соат 06:02:47 да самолёт экипажи Оқтов аэропорти минораси билан боғланиб, илк марта халқаро офат сигнали юборилади.

06:22:24 да экипаж шассини туширишни бошлади. Ундан сўнг механизация ишга туширилди, кейин эса овозли огоҳлантириш сигнали янгради.

Соат 06:27:58 да самолётнинг ўнгга 35 градус қиялик билан ерга урилгани қайд этилди.

Сақланиб қолган қисмларнинг дастлабки кўздан кечирилиши натижасида фюзеляжнинг дум қисмида, вертикал ва горизонтал стабилизаторларда, баландлик ва йўналиш рулларида турли ўлчам ва шаклдаги кўплаб тешилган ва тешилмаган шикастланишлар аниқланди. Шунга ўхшаш шикастланишлар ҳаво кемасининг чап двигатели ва чап қанотида, шунингдек, ҳаво кемасининг агрегатлар ва қисмларида ҳам кузатилди. Баъзи жойларда шикастланишлар тўғри тўртбурчак шаклга эга.

Фото:

Фото:
Оқтовдаги самолёт ҳалокати

2024 йил 25 декабрь куни Оқтов аэропортидан уч километр узоқликда Озарбайжоннинг Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига тегишли Embraer самолёти билан авиаҳалокат юз берди. Боку—Грозний рейсида парвоз қилаётган самолёт фавқулодда қўнишга уриниш пайтида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 62 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Тергов ва тахминлар

Ҳалокатни ИКАО (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) конвенциясига мувофиқ тергов қилишга Қозоғистон раҳбарлик қилмоқда. Текширув ишларида Озарбайжон, Россия мутахассислари, халқаро экспертлар ва Embraer вакиллари иштирок этмоқда. Қора қутилар олиниб, халқаро экспертлар иштирокида расшифровка қилинмоқда.

Озарбайжон оммавий ахборот воситалари, шунингдек Euronews ва Reuters ҳалокат сабабларидан бири сифатида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг ишлаши ҳақидаги тахминни муҳокама қилувчи материалларни эълон қилди.

28 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин Россия ҳаво ҳудудида фожиали ҳодиса содир бўлгани муносабати билан узр сўради ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига яна бир бор ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

29 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Озарбайжон фуқаро самолёти Россия ҳудудида, Грозний яқинида ташқи ҳужумга учраганини ва деярли бошқарувни йўқотганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, самолёт радиоэлектрон кураш воситалари билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, бортда 62 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган:

- 42 нафар Озарбайжон фуқароси;
- 16 нафар Россия фуқароси;
- 6 нафар Қозоғистон фуқароси;
- 3 нафар Қирғизистон фуқароси.

Омон қолганлар орасида Озарбайжон, Россия ва Қирғизистон фуқаролари бор. Қозоғистонликлар орасида омон қолганлар йўқ.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг