![Трамп: “АҚШ режаси бўйича фаластинликларнинг Ғазога қайтиш ҳуқуқи бўлмайди”](/uploads/posts/2025-02/7750037fb7_photo_2025-02-10_21-36-41-lygmtlvu.webp)
Фото: AFP
Фаластинликлар Исроил билан можарони ҳал қилиш ва АҚШ режаси бўйича эксклавни тиклаш доирасида Ғазо секторига қайтиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бу ҳақда Америка президенти Дональд Трамп маълум қилди, деб ёзмоқда Дарё нашри.
"Йўқ, бўлмайди, чунки уларда анча яхшироқ уй-жой бўлади", деб жавоб берди Трамп фаластинликларнинг қайтиш ҳуқуқи бўладими, деган саволга.
АҚШ президенти фаластинликлар учун “доимий яшаш жойи қурилиши” ҳақида гапираётганини тушунтирди.
Трамп аввалроқ Вашингтон Ғазони ўз назоратига олишга тайёрлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Фаластин аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчириш, эксклавни вайрон бўлган бинолардан тозалаш ва янги иш ўринлари ва уй-жой билан таъминлайдиган иқтисодий ривожланиш марказига айлантириш керак.
"Ғазо секторидаги фаластинликларнинг ҳаёти “дўзах” эди ва уларнинг бу ҳудудга қайтиши мақсадга мувофиқ эмас", деб ҳисоблайди Трамп.
Сиёсатчи ғазоликлар учун қўшни давлатлар тақдим этиши мумкин бўлган муқобил жойлашув зоналарини яратишни таклиф қилди. Лойиҳани молиялаштиришни, унинг фикрича, минтақанинг бой давлатлари ўз зиммасига олиши керак.
Хусусан, Трамп Иордания ва Мисрга Ғазо аҳолисини қабул қилишни таклиф қилди ва гап “бир ярим миллионта одам” ҳақида кетаётганини таъкидлади. Мазкур таклифни иккала давлат ҳам рад этди.
ҲАМАС вакиллари ҳам бундай қарорга қарши чиқди
"Ғазо секторидаги Фаластин халқи шунчаки ўз ерида қолиш учун 15 ой давомида ўлим ва вайронагарчиликни бошдан кечирди", деди ташкилот сиёсий бюроси аъзоси Басем Наим The New York Times (NYT) газетасига берган интервьюсида.
Наимнинг қўшимча қилишича, “ғазоликлар ҳатто улар яхши ниятда бўлса ҳам ва АҚШ президенти Трамп таклиф қилганидек, тикланиш ниқоби остида амалга оширилса ҳам ҳеч қандай таклиф ёки қарорни қабул қилмайди”.
Араб давлатлари раҳбарлари Америка президентининг таклифига жавобан АҚШ давлат котибига мактуб йўллади. Унда улар фаластинликларни чиқариб юборишга йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб, бундай қадамни нафақат халқаро ҳуқуқнинг бузилиши, балки минтақавий хавфсизликка таҳдид деб атади.
Трамп, шунингдек, Ғазо секторини сотиб олиб, унинг устидан назорат ўрнатиши ва кейин араб давлатлари ёрдамида қайта тиклаши мумкинлигини айтди.
![](/uploads/posts/2025-02/56575c7af3_photo_2025-02-10_21-43-24-ofhls5fw.webp)
Фото: Reuters
"Ғазони сотиб олиш ва унга эгалик қилишга қарор қилдим. Қайта тиклаш масаласига келсак, биз уни Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга топширишимиз мумкин, улар алоҳида қисмларни қайта қуришлари учун ёки бошқалар бизнинг ҳомийлигимиз остида буни амалга ошириши мумкин", деди АҚШ президенти.
Унинг тушунтиришича, АҚШ ҲАМАСнинг ҳудудга қайтишига йўл қўймаслик учун Ғазо секторини ўз назоратида сақлаб туришга мажбур.
"У ерга қайтадиган жой йўқ. Бу жой бутунлай бузиб ташланиши керак. Қолган қисмлари ҳам бузиб ташланади. Ҳаммаси йўқ қилинади", деди сиёсатчи.
Трамп, шунингдек, баъзи фаластинлик қочқинларни АҚШга киритиш имкониятига очиқлигини, бироқ бундай сўровларни алоҳида кўриб чиқишини айтди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар