20:33 / 15.02.2025
203

Европа давлатлари Украинага қўшин жойлаштириш режаси устида яширинча ишламоқда

Европа давлатлари Украинага қўшин жойлаштириш режаси устида яширинча ишламоқда
Фото: AP
Европанинг бир қатор давлатлари Россия билан келажакдаги тинчлик битимининг бажарилишини таъминлашга ёрдам бериш мақсадида Украинага қўшин юбориш режаси устида махфий тарзда иш олиб бормоқда, деб ёзади Дарё нашри.

Associated Press (AP) маълумотларига кўра, европаликлар тегишли вариантларни тахминан бир йил олдин ўрганишни бошлаган ва бу ҳаракатлар бошида Буюк Британия ҳамда Франция турибди.

"АҚШнинг хавфсизлик устуворликлари бошқа соҳаларга йўналтирилганидан тобора кўпроқ хавотирга тушаётган Европа мамлакатлари гуруҳи Украинага қўшин юбориш режаси устида яширин равишда ишламоқда", дея хабар берди AP.

Агентлик, шунингдек, АҚШ етакчиси Дональд Трамп сиёсати туфайли бу давлатларда “шошқалоқлик ҳисси” пайдо бўлганини таъкидлаган. Аниқланишича, тафсилотлар ҳозирча кам, бироқ кучларнинг таркиби ва вазифаси тинчлик битими шартлари билан белгиланади, шунингдек, қисқа фурсатда катта миқдордаги контингентни тўплаш “шубҳасиз имконсиз бўлади”.

Эстония Мудофаа вазири Ханно Певкурга кўра, режалар жуда бошланғич босқичда ва европаликлар учун чегара чизиғи қандай бўлишини тушуниш ниҳоятда муҳим. Бир неча кун олдин ушбу Болтиқбўйи давлатининг ташқи ишлар вазири Эстония Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар жараёнида иштирок этиши шартлигини ҳам таъкидлаган эди.

Яқинда Telegraph газетаси Британия ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Буюк Британия ва Франция раҳбарлари Украинага “тинчликпарвар кучлар”ни биргаликда юбориш масаласини махфий тарзда муҳокама қилаётганини ёзган эди. Газета маълумотига кўра, бош вазир Кир Стармер ҳали ташаббусга тўлиқ рози эмас.

Украинага ҳарбийлар юбориш ҳақида бир йилдан буён гапиришда давом этаётган президент Эммануэл Макрон эса бу ғояни илгари суришда давом этмоқда.

Аввалроқ Пентагон раҳбари Пит Хегсет Брюсселда Украина бўйича алоқа гуруҳи мудофаа вазирлари билан “Рамштайн” форматидаги учрашувда Америка қўшинлари Киев хавфсизлигининг кафолати сифатида Украина ҳудудига жойлаштирилмаслигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, НАТО ҳомийлигисиз Европа ва Европага тегишли бўлмаган қўшинлар иштирокидаги миссия Украина хавфсизлиги кафолатларини таъминлаши мумкин.

"Аниқлик киритаман: Америка қўшинлари ҳеч қандай хавфсизлик кафолатлари доирасида Украина ҳудудига жойлаштирилмайди", деди Хегсет.

Унинг сўзларига кўра, барқарор тинчликка “уруш қайта бошланмаслигини кафолатловчи ишончли хавфсизлик кафолатларини” тақдим этиш орқали эришиш мумкин. У Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг реал натижаси бўлмаслигини таъкидлаб, Украина учун хавфсизлик кафолатлари “урушга лаёқатли европалик ёки европалик бўлмаган ҳарбийлар” томонидан мустаҳкамланиши кераклигини айтди.

"Агар бу қўшинлар Украинада бирор вақтда тинчликпарвар сифатида жойлаштирилса, улар НАТОга аъзо бўлмаган миссиянинг бир қисми сифатида жойлаштирилиши керак ва уларга Шимолий Атлантика пактининг 5-моддаси қўлланилмаслиги лозим", деди у альянснинг ўзаро мудофаа қоидасини назарда тутиб.

“Рамштайн” форматидаги йиғилишда сўзга чиққан сиёсатчи, шунингдек, Украинани 2014 йилгача мавжуд бўлган чегараларга қайтариш имкониятини нореал деб баҳолади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг