
Фото: REUTERS
Европа давлатлари Россия томонидан бўлаётган таҳдидларга қарши туриш учун ўзларининг миллий армияларини ягона тузилмага бирлаштирмайди. Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Украина президенти Володимир Зеленскийнинг бу борадаги таклифига шундай изоҳ берди.
«Бундай терминларга эҳтиёт бўлиш керак, чунки одамлар турли нарсаларни тушуниши мумкин. Агар гап миллий армиялар бирлашуви ҳақида кетаётган бўлса, бу содир бўлмайди. Аммо мен Европа Иттифоқининг мудофаа имкониятларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайман», — дейди вазир.
Сикорский, шунингдек, Европа Иттифоқи мазкур йўналишда тегишли қадамларни ташлаётгани, кучайтирилган бригада тузаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Европа мудофаасининг мустаҳкамланиши ҳам миллий, ҳам Европа компонентларини ўз ичига олиши кераклигини таъкидлади.
Полша мудофаа вазирининг қайд этишича, Варшава ўз қўшинларини Украинага юбориш имкониятини кўриб чиқмаяпти. У Полшанинг НАТО доирасидаги асосий вазифаси — алянснинг шарқий қанотини, яъни ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш эканини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Володимир Зеленский хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида Евроиттифоқни ўз Қуролли кучларини ташкил этишга чақирганди. Украина президенти АҚШ Европани қўллаб-қувватлашни қисқартириши мумкинлигидан хавотирини билдирган: «Европа ўз армиясига эга бўлиши керак. Европа армияси. Мен ростдан ҳам вақт келди деб ҳисоблайман. Европа Қуролли кучлари тузилиши керак».
Зеленский Украина армияси умумевропа кучларининг тузилишига асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини қўшимча қилган. «Украина армиясисиз Европа армияси Россияни тўхтата олмайди. Бу реаллик. Армиямиз замонавий уруш тажрибасига эга, аммо унинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас», — дейди у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар