Япония расман армия тузиш ва референдум ўтказишга тайёрланмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Япония ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидан буён ўзгаришсиз қолган Конституциянинг 9-моддасини ислоҳ қилиш ва мамлакатда расмий армия тузиш бўйича маслаҳатлашувларни бошлади.
- Бош вазир Санае Такаити ушбу ташаббусни 2027-йилнинг февралига қадар расмийлаштиришни режалаштирмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён ўзгаришсиз сақланиб келаётган Япония Конституцияси тарихда илк бор жиддий ислоҳотлар бўсағасида турибди. Токиодаги ҳукмрон коалиция мамлакатнинг пацифистик (тинчликсевар) 9-моддасини қайта кўриб чиқиш бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш ва ягона тўхтамга келиш учун расмий маслаҳатлашувларни бошлади.
Kyodo ахборот агентлиги хабарига кўра, Япония бош вазири Санаэ Такаити ушбу муҳим парламент ташаббусини 2027 йилнинг февралига қадар тўлиқ расмийлаштириш ниятида.
Ҳукмрон коалициядаги тортишув: 9-модда қандай ўзгаради?
Ҳукумат таркибидаги партиялар армия мақоми бўйича икки хил ёндашувни илгари сурмоқда:
Либерал-демократик партия (ЛДП) таклифи: Бош вазир Такаити етакчилигидаги асосий куч 9-моддани умумий ҳолда сақлаб қолишни, бироқ унга амалда фаолият юритаётган «Ўзини-ўзи мудофаа кучлари»га расмий легал мақом берувчи алоҳида банд қўшишни таклиф қилмоқда;
«Япония янгиланиш жамияти» талаби: Вазирлар Маҳкамасидаги кичик ҳамкор эса кескинроқ йўлни танламоқда — улар қуруқлик, денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларига эга бўлишни тақиқловчи 2-бандни бутунлай ўчириб ташлаб, конституцияга «Миллий мудофаа армияси» тушунчасини киритиш тарафдори;
Амалдаги тақиқ: Ҳозирги 9-моддага биноан, япон халқи абадий равишда урушдан ва халқаро низоларни қуролли куч билан ҳал қилишдан воз кечган, давлатнинг уруш олиб бориш ҳуқуқи эса расман тан олинмайди.
«Қоғозда полиция, амалда қудратли армия»
Гарчи расмий қонунчиликда Япония армияга эга бўлмаслиги белгиланган бўлса-да, реал ҳолат аллақачон глобал ҳарбий куч даражасига етган:
Замонавий флот ва авиаташувчилар: Токио тузган «Ўзини-ўзи мудофаа кучлари» назарий жиҳатдан полиция тури сифатида қаралса-да, яқин орада иккита енгил авиаташувчи билан тўлдириладиган қудратли ҳарбий флотга эга;
5-авлод қирувчилари ва узоқ масофали ракеталар: Замонавий ҳарбий-ҳаво кучлари бешинчи авлод учоқлари билан қуролланган, қуруқлик қўшинлари арсеналига эса яқинда парвоз масофаси 1 000 километрга тенг мобил ер усти ракеталари қабул қилинди.
Референдум довони: Конституцияни ўзгартириш осон бўладими?
Ўзгаришларни амалга ошириш жараёни ўта мураккаб қонуний босқичлардан иборат:
Парламентдаги 2/3 овоз тўсиғи: Қонунчиликка кўра, конституцияга ўзгартириш киритиш учун парламентнинг ҳар иккала палатаси депутатларининг камида учдан икки қисми (2/3) розилиги шарт;
Сиёсий мувозанат: 2026 йил февраль ойидаги сайловлар натижасида ЛДП асосий қуйи палатада учдан икки қисмдан ортиқ ўринни қўлга киритди, бироқ юқори палатада партия ҳатто оддий кўпчиликка ҳам эга эмас;
Тарихий референдум: Парламент розилигидан сўнг мазкур тақдирсоз масала умумхалқ референдумига қўйилиши лозим — бундай референдум Япония тарихида ҳали ҳеч қачон ўтказилмаган.































Изоҳлар 0
…