09:50 / 17.02.2025
806

АҚШ-Россия музокаралари 18 феврал куни Ар-Риёдда бўлиб ўтади

АҚШ-Россия музокаралари 18 феврал куни Ар-Риёдда бўлиб ўтади
Фото: Reuters / Nathan Howard / Evgenia Novozhenina
18 феврал, сешанба куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакилларининг Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Американинг Axios портали 17 феврал, душанбага ўтар кечаси манбаларга таяниб хабар берди.

Россия ва АҚШ делегацияларининг таркиби

Axios манбаларига кўра, АҚШ делегацияси таркибига давлат котиби Марко Рубио, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф киради. У якшанба куни Fox News телеканалида Уолтц билан 16 феврал куни кечқурун Саудия Арабистонига боришини айтди. Рубио у ерга 17 феврал куни Исроилга ташрифидан сўнг келади, деб ёзади Axios.

Россия делегациясининг аниқ таркиби маълум эмас. Катта эҳтимол билан унинг таркибига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам киради, деб ҳисоблайди Axios. Bloomberg агентлигига кўра, у ерда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам бўлади. Бундан ташқари, музокараларни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, АҚШда таҳсил олган ва ишлаган Кирилл Дмитриев бошқармоқда.

«Коммерсант» газетаси ҳам 16 феврал куни манбаларга таяниб, музокаралар сешанба куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берди. Нашр аниқ манзилни ҳам келтирган: Ар-Риёд.

Украина музокараларда иштирок этадими?

Украина президенти Володимир Зеленский 15 феврал куни Киев Саудия Арабистонидаги учрашувга таклифнома олмаганини айтди. Трамп бир кун ўтиб Украина раҳбари урушни тугатиш бўйича музокараларда иштирок этишини айтди. Уиткофф ҳам худди шундай деди. Рубио CBS телеканалига берган интервюсида ҳар қандай «ҳақиқий музокаралар»да Украина ҳам, Европа давлатлари ҳам иштирок этишини айтди.

Зеленскийнинг ўзи расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига 16 феврал куни кечқурун етиб келди. FlightAware маълумотларига кўра, якшанба куни Украина президентининг самолёти Мюнхендан Полшанинг Жешув-Ясёнка аэропортига, сўнгра Абу-Дабига учган. У ердан Ар-Риёдга парвоз икки соатни ташкил этади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг