
Фото: AP
Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясида менежер ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган Рашил Каур ҳар куни офисига самолётда бориб қайтади. Гап шундаки, аёл оиласи билан Пенангда истиқомат қилади, иши эса Сепангда жойлашган. Бу икки шаҳар орасидаги масофа тахминан 400 километрни ташкил этади.
Каурнинг куни тонгги соат тўртдан бошланади, кейин у аэропортга йўл олади ва соат саккизда ишда бўлиш учун қўшни шаҳарга учади. Бир томонга парвоз тахминан 40 дақиқа давом этади. Ишдан кейин аёл кечки рейс билан уйига қайтади.
Каурнинг айтишича, у фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиш мақсадида ҳар куни ишга самолётда боришга қарор қилган. Илгари у офиси яқинида ижарага уй олиб яшаган ва оиласи билан фақат дам олиш кунлари кўришган.
“Ҳар куни эрталаб соат тўртда туриш одамни чарчатади. Бироқ уйга қайтиб, болаларимни кўрганимда чарчоқ ўз-ўзидан йўқолади”, — деб таъкидлади Каур.
Аёл 2024 йилнинг январ ойидан бошлаб ишга учиб боришни бошлаган. Шу вақт мобайнида у ҳатто маблағ тежашга муваффақ бўлди. Унинг айтишича, квартирада яшаган пайтлари ойлик харажатлари 474 доллар бўлган, энди бу 316 долларга тушган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар