
АҚШ президенти Дональд Трамп Эр-Риёдда Россия ва Америка делегациялари ўртасида ўтган музокараларни юқори баҳолади.
Журналистлар саволларига жавобан Трамп ушбу учрашувдан сўнг Россия ва Украина ўртасидаги келишувга эришиш мумкинлигига «анча ишонч ҳосил қилганини» таъкидлади. Унинг фикрича, Россия томони «нимадир қилишни ва зўравонликни тўхтатишни хоҳламоқда».
«Биз буни тугатмоқчимиз. Бу бемаъни уруш», — деди Трамп ва уруш унинг президентлиги даврида бошланмаганини яна бир бор таъкидлади. Унинг фикрича, ҳарбий низони бир неча йил аввал ҳеч қандай ҳудудий йўқотишларсиз ҳал қилиш мумкин эди.
Шу билан бирга, Трамп Украина музокараларга таклиф қилинмаганидан ранжиганини билдирди.
Президент Владимир Зеленский бу учрашув натижаларини Украина тан олмаслигини, шунингдек, Ғарб давлатларини Киев иштирокисиз музокаралар ўтказмасликка чақирди.
Европа Иттифоқи мамлакатлари эса «Украина ва ЕИ иштирокисиз узоқ муддатли тинчлик бўлиши мумкин эмас», деб таъкидламоқда.
Трамп эса: «Уларнинг [Украинанинг] музокара столига ўтириши учун уч йили бор эди», — деди.
Саудия Арабистонидаги музокаралар 18 феврал куни бўлиб ўтди. Россия делегацияси таркибида президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев бор эди. АҚШ томонидан музокараларда давлат котиби Марко Рубио, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц ва президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди.
Москва ва Вашингтон юқори даражада ишчи гуруҳлар тузиш, урганиш жараёнини бошлаш ва «ўзаро геосиёсий манфаатлар» ҳамда «жанглар тугагандан кейин пайдо бўладиган иқтисодий ва инвестиция имкониятлари» бўйича ҳамкорлик асосларини шакллантиришга келишиб олди, деб хабар берди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс.
Оқ уйда ушбу учрашув «тинчлик сари улкан қадам» деб баҳоланди. Россия томони ҳам уни ижобий баҳолади.
«Музокаралар жуда фойдали бўлди. Биз фақат эшитмадик, балки бир-биримизни тушундик ҳам», — деди ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар