
Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган теракт иши бўйича айбланувчиларнинг уч нафари Доғистоннинг Каспийск шаҳрида яна бир ҳужумни режалаштирган, деб ёзди Kun.uz «ТАСС»га таяниб.
Қайд қилинишича, гап теракт ижрочиларини қурол билан таъминлашда айбланаётган уч нафар шахс ҳақида кетмоқда.

Фото: Сергей Булкин/ ТАСС
«2023 йил ноябридан 2024 йил 16 мартигача бўлган даврда [айбланувчилар] камида иккита Калашников автомати, Макаров тўппончаси ва улар учун ўқ-дориларни ноқонуний сотиб олган, олиб ўтган ва сақлаган», дейилади ҳужжатларда. Улар концерт залидаги воқеалардан сўнг (2024 йил 24-27 март) қўлбола портловчи модда ясаган ва Каспийск шаҳри қирғоғида теракт уюштиришни режалаштирган.
ТАСС хабарига кўра, бу уч нафар айбланувчи 31 март куни Доғистоннинг турли вилоятларида ўтказилган махсус операция давомида қўлга олинган. Ҳозир улар Москвада ҳибсда сақланмоқда.
«Крокус»даги теракт ишида жами 27 нафар айбланувчи бор, деди Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин. Тергов февраль ойи бошида якунланди.
2024 йил 22 март куни тўрт нафар қуролланган шахс концерт залига бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узди ва бинога ўт қўйди. 140 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди, 550 нафардан ортиғи жароҳат олди. «Крокус» биноси бутунлай ёниб кетди. Тергов маълумотларига кўра, терактни содир этганлар Тожикистоннинг тўрт фуқароси: Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоев, Саидакром Ражабализода ва Шамсидин Фаридуни.
«Крокус»даги теракт бўйича суд жараёни март ойи охирида бошланиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар