21:20 / 24.02.2025
45

Сингапур банки сунъий интеллект сабаб 4 минг ходимини ишдан бўшатмоқчи

Сингапур банки сунъий интеллект сабаб 4 минг ходимини ишдан бўшатмоқчи
Фото: Reuters
Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган DBS Group Holdings Ltd. уч йил давомида 4 минг ходимини ишдан бўшатади. Бунга сунъий интеллект технологияси олдинлари инсонлар томонидан бажарилган вазифаларни тобора яхшироқ уддалаётгани сабаб бўлмоқда.

Банкнинг бош ижрочи директори Пиюш Гупта ушбу режани Press Trust of India нашрига тасдиқлаган. Унинг таъкидлашича, вақтинчалик ходимлар ва шартнома бўйича ишчилар ишдан бўшатилади, қисқартиришлар доимий ходимларга таъсир кўрсатмайди.

Қайд этилишича, DBS банкининг штати салкам 41 минг кишини ташкил этади.

Bloomberg Intelligence’нинг ёзишича, яқин 3-5 йил ичида дунё банклари сунъий интеллектнинг жорий этилиши сабаб 200 минггача иш ўринларини қисқартириши мумкин. Шу билан бирга, JPMorgan Chase’да сунъий интеллектга масъул бўлган Терезе Хайценретернинг сўзларига кўра, ҳозирча ушбу технологиянинг жорий этилиши эвазига банк штатлари фақат кенгайтирилмоқда.

Аввалроқ Жанубий Корея шаҳарлари сунъий интеллект соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашга тобора кўпроқ эътибор қаратаётгани, мамлакатнинг турли жойларида ихтисослаштирилган таълим марказлари ва янги ўқув дастурлари очилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

2024 йил январ ойида Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми олдидан Халқаро валюта жамғармаси томонидан эълон қилинган тадқиқотда сунъий интеллект технологиялари илғор мамлакатлардаги иш ўринларининг 60 фоизига таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг