
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Дональд Трамп Россия билан муносабатларни нормаллаштириш мақсадида Қўшма Штатларнинг Украина йўналишидаги стратегиясини ўзгартирмоқда ҳамда ўтмишдошлари олиб борган трансатлантик алоқаларни мустаҳкамлаш сиёсатини рад этмоқда. Бу ҳақда Трамп маслаҳатчиларига таяниб, Axios порталига таяниб Дарё хабар бермоқда.
Маслаҳатчиларга кўра, Ғарб узоқ вақт давомида Россияни ўзига қарши қўйиб, уни махсус операция бошлашга мажбур қилган. Трамп эса НАТО Украинадаги можарони келтириб чиқарган деган фикрни илгари сурмоқда. Шунингдек, маслаҳатчиларнинг таъкидлашича, Трампнинг танқидчилари унинг жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тарафдори бўлганини ва Украинада Россияга қарши туриш учун етарли куч йўқ деб ҳисоблаган нуқтаи назарини ҳеч қачон тан олмайдилар.
Улар Трампнинг Украина ва НАТОга нисбатан қарашлари шаклланишига сабаб бўлган иккита воқеани таъкидламоқда. 2008 йил апрелида Бухарестдаги НАТО саммитида Украина ва Грузияга келажакда альянсга аъзо бўлиш ваъда қилингани Россиянинг норозилигига сабаб бўлган.
2014 йил февралида эса ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланднинг АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Паетт билан телефон суҳбати ёзуви ошкор бўлган эди. Унда улар Украинадаги асосий лавозимларга номзодларни ва Вашингтоннинг Россияга қарши сиёсий кучларга кўрсатадиган ёрдамини муҳокама қилишган. Порталнинг таъкидлашича, ушбу суҳбат “АҚШнинг Украина сиёсатига чуқур аралашувини” кўрсатган.
Порталнинг қайд этишича, Трамп даврида АҚШ ташқи сиёсатидаги бурилиш нуқтаси 24 февралда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Украина можароси бўйича нейтрал хусусиятга эга бўлган Америка резолюциясининг қабул қилиниши бўлди. Бунга қадар Вашингтон Европа давлатлари ва Киев томонидан тайёрланган БМТ Бош Ассамблеясининг Россияга қарши резолюциялари лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди.
АҚШ Россия билан муносабатларга ёндашувни қайта кўриб чиқмоқда
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц Fox News телеканали эфирида Қўшма Штатлар Россия билан ўзаро муносабатларга янгича ёндашувни шакллантираётганини айтди.
Биз Россия билан муносабатларимизни қайта кўриб чиқмоқдамиз. Биринчи қадам президент Трампнинг Путин ва Зеленский билан суҳбатлари, кейинчалик эса Ар-Риёдда бўлиб ўтган музокаралар бўлди, деди у.
Уолцнинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар, шунингдек, “Америка халқи мамлакатга киритилган улкан сармоялардан фойда олиши” учун иқтисодиёт ва муҳим минераллар бўйича Украина билан ҳамкорликни қандай йўлга қўйишини янгича талқин қилмоқда.
Жорий йилнинг 18 февраль куни Ар-Риёдда Россия ва АҚШ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Унинг якунлари бўйича Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокараларда муносабатларни тиклаш йўлида муҳим қадам қўйилганини маълум қилди. Шу билан бирга, у икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун узоқ йўлни босиб ўтиш кераклигини таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар