
АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг Қримни аннексия қилиши ҳамда ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларининг тан олиниши сабабли Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Бу ҳақда АҚШ Федерал реестри материалларида маълум қилинди.
Трамп турли йилларда – 2014, 2018 ва 2022-йилларда АҚШ томонидан жорий этилган санкцияларни давом эттириш қарорини қабул қилди. Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу чекловлар “2025 йил 6 мартдан кейин ҳам ўз кучида қолиши лозим”.
— Ушбу фармонларда қайд этилган ҳаракатлар ва сиёсатлар АҚШ миллий хавфсизлиги ҳамда ташқи сиёсат манфаатларига жиддий ва фавқулодда хавф солишда давом этмоқда, — дейилади ҳужжатда.
Трамп 25 феврал куни Россияга қарши санкциялар ҳозирча музокаралар мавзуси эмаслигини, бироқ “келажакда бу масалани кўриб чиқишини” маълум қилган эди. 26 феврал куни журналистлар билан суҳбатда эса у Россияга қарши санкцияларни фақат Россия–Украина уруши якунланганидан сўнг бекор қилишга тайёр эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 24 феврал куни Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини келишиб олди. Унга кўра, алюминий импортига чекловлар жорий этилди, 13 та банк SWIFT тизимидан узилди ҳамда “соя флотига” тегишли 70 дан ортиқ кемага санкциялар қўлланилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!