
АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторидаги гаровдагиларни озод қилиш талабини билдирганидан сўнг, ҲАМАС унинг сўзларига муносабат билдирди. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар тарқатди.
ҲАМАС вакили Абдул-Латиф ал-Қануа АҚШ раҳбарининг баёнотини танқид қилиб, бундай таҳдидлар Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қўллаб-қувватлаш ва Ғазо қамалини кучайтиришни англатишини билдирди.
ҲАМАС: "Тинчлик келишувига амал қилиш керак"
Абдул-Латиф ал-Қануа гаровдагиларнинг озод этилиши учун энг самарали йўл тинчлик келишувининг иккинчи босқичига ўтиш эканини таъкидлади. Унга кўра, воситачилар ҳомийлигида имзоланган шартномага амал қилиш зарур.
Январь ойида кучга кирган тинчлик келишуви АҚШ вакили, шунингдек, Байден маъмуриятининг истеъфога чиқаётган вакиллари иштирокида муҳокама қилинган эди. 2 март куни келишувнинг биринчи босқичи тугади, аммо Исроил ундан сўнг Ғазога гуманитар ёрдам киришини тақиқлади ва ҲАМАСдан уруш музокараларига киришмасдан туриб, қолган гаровдагиларни озод қилишни талаб қилди.
Бу чеклов Ғазода яшовчи 2,3 миллион аҳоли орасида очарчилик хавфини кучайтириши мумкин, дейди таҳлилчилар.
Трампнинг кескин таҳдиди
Трамп ҲАМАСга қаратилган охирги огоҳлантиришини эълон қилди:
"Танлов сизнинг қўлингизда. Барча гаровдагиларни ҳозироқ, кечиктирмасдан озод қилинг ва ўлдирилган одамларнинг жасадларини дарҳол қайтариб беринг, акс ҳолда сизга жуда ёмон бўлади. Агар айтганимни қилмасангиз, ҲАМАСнинг бирорта аъзоси ҳам омон қолмайди. Мен Исроилга бу ишни якунлаш учун барча зарур нарсаларни юбормоқдаман."
Трамп Ғазо аҳолисига мурожаат қилиб, уларни гаровдагиларни озод қилишга чақирди, акс ҳолда уларни оғир оқибатлар кутаётганини таъкидлади:
"Ғазо халқига эса: сизни ажойиб келажак кутмоқда, лекин гаровдагиларни ушлаб турсангиз, бу сизга насиб этмайди."
Трамп Исроилга ҳарбий ёрдамни давом эттирмоқда
Маълумотларга кўра, Дональд Трамп 42 кун ичида Исроилга 12 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам юборган. АҚШ президенти ташқи ёрдам дастурларини молиялаштиришни тўхтатганига қарамай, Исроилни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
3 март куни Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган эди. Бу эса халқаро майдонда кескин баҳсларга сабаб бўлди.
ҲАМАС ва АҚШ ўртасидаги кескин муносабатлар ва тинчлик музокаралари бўйича келишмовчилик Ғазо ҳудудидаги вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Ҳозирча, томонлар ўзаро муроса топа олмаяпти ва бу низо халқаро майдонда ҳам катта эътибор қозонмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар