22:12 / 11.03.2025
264

Полшада инсон органлари савдоси билан шуғулланган аёл қўлга олинди

Полшада инсон органлари савдоси билан шуғулланган аёл қўлга олинди
Полша чегарачилари инсон аъзолари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзосини қўлга олишди. Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган 35 ёшли украиналик аёл Полша ва Украина чегарасидан ўтаётган вақтда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Полшанинг Пшемисл шаҳри прокуратураси расмий баёнот берди.

56 та инсон буйраги "қора бозор"да сотилган

Маълумотларга кўра, ушбу шахс Қозоғистон ҳукумати томонидан 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, 2020 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган. Айблов версиясига кўра, у 2017–2019 йиллар давомида инсон органлари савдосини ташкил этган. Жиноятчилик схемаси орқали "қора бозор"да 56 та инсон буйрагининг ноқонуний сотилиши амалга оширилган.

Ўзбекистон ва бошқа давлат фуқаролари жабрланувчига айланган

Қозоғистон махсус хизматларининг маълумотларига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон, Озарбойжон, Украина, Қирғизистон, Тожикистон ва Таиланд фуқаролари бор. Аёл мазкур давлатлар фуқароларини ноқонуний йўллар билан ўз домига илинтириб, уларнинг ички аъзоларини тижорат мақсадида сотиш билан шуғулланган.

Полшада ҳибсга олиш ва экстрадиция жараёни

Жиноий гуруҳ аъзоси 6 март куни Полша ва Украина ўртасидаги темир йўл кесишмасида қўлга олинган. Ҳозирда Полша прокуратураси томонидан у сўроқ қилинмоқда ва округ судига уни Қозоғистонга экстрадиция қилиш учун ҳибсга олиш илтимосномаси киритилган. Суд қарорига мувофиқ, унинг 7 кун давомида ҳибсда сақланиши белгиланди.

Инсон органлари савдоси бутун дунёда жиддий муаммо ҳисобланади ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундай жиноятларга қарши қатъий кураш олиб боришда давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг