
Қарши ҳужум
Эсингизда бўлса, Украина ўтган йили 6 август куни Россиянинг Курск областига бостириб кирган ва 1200 километр квадрат майдонни эгаллаб олганди. Киев эгаллаб олган ҳудудлардан музокараларда фойдаланишни мақсад қилади. Бироқ Россия ҳозиргача украинлар эгаллаб олган ҳудуднинг катта қисмини қайтариб олишга эришди. Хабарлар лентасида кўзингиз тушган бўлса керак, охирги 3-4 кун ичида руслар Курскда яхшигина одимлади.
8 март куни Россия армияси Украина назорат қилаётган Суджа туманидаги украин кучларига ортдан бориб ҳужум қилади. Украин кучларини айланиб ўтиш учун руслар Суджадаги «Уренгой – Помари – Ужгород» газ қувуридан фойдаланган. Россия томони бераётган баёнотларда айтилишича, бу операция Украина мудофаа чизиғини ёриб ўтиш учун ҳал қилувчи юриш бўлган.
Бу қувур орқали Россия узоқ йиллар Украина орқали Европага газ юбориб келган. 2025 йил 1 январдан буён газ ўтказгич ишламаётганди. 8 март эрталабдан бир қатор Россиядаги Z-каналлар муваффақиятли ўтган қувур операцияси ҳақида гапира бошлашди. Уларда айтилишича, 100 кишидан иборат гуруҳ 1,4 метр диаметрли қувур орқали бир ҳафта давомида 16 км масофани босиб ўтган. Улар икки кун ҳаракатланиб, яна тўрт кун қувурдан чиқиб ҳужум қилишни кутган.
Операцияни «Ветеранлар» хусусий ҳарбий компанияси, Апти Алаудинов бошчилигидаги «Ахмат» махсус кучлари ва Россия армияси 30-мотоўқчи полки ташкил қилган. «Ветеранлар» гуруҳи учун бундай операция янгилик эмас. Улар ўтган йил январ ойида Авдеевкага ҳужум вақтида ерости йўлидан фойдаланган.
Уруш тарафдори бўлган россияликлар бу операцияни кўтаринкилик билан мақташмоқда. Бироқ бир гуруҳ Z-блогерлар ва уруш тарғиботчилари операция ёмон ташкил қилинганидан нолиган. Уларнинг эътирозига кўра, операцияда вентиляция ва таъминотдаги камчилик сабаб бир неча ҳарбий метандан захарланиб ўлган. Z-блогер Егор Гузенко эса операция ҳақида суратлар тарқалиб кетгани душманга қўл келган. Чунки қувурдан чиққан ҳарбийлар яхши жойлашиб олиши учун камида бир ҳафта керак бўлган.
Украина нима демоқда?
8 март кечга бориб Украина томони русларнинг қувур орқали ҳужум қилиши янгилик бўлмагани, ҳужум вақтида пайқалгани ҳақида баёнот берди. Украина бош штаби Суджадан 2 км масофадаги газ ўтказгичга зарба берилгани акс этганини айтаётган видеоларни эълон қилди. Кадрларда чиндан артиллерия зарбалари кўринади.
Украина томони ахборотида айтилишича, қувур орқали ҳужумга ўтганлар россиялик махсус топшириқли хизматчилар бўлган. Украина томони бу операция доирасида руслар катта йўқотишга учраганини айтган.
Россия каналларига кўра, руслар Суджа атрофидаги ўнлаб қишлоқларни қайтиб олган. Қувур операцияси Курск йўналишидаги катта қарши ҳужумнинг бир қисми экани айтилмоқда. Тармоқда чечен генерали Апти Алаудинов бу операция урушдаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини айтаётган видео тарқалди.
Россия мудофаа вазирлиги ҳали Курск йўналишидаги қарши ҳужум ҳақида ҳам, «қувур операцияси» ҳақида ҳам ҳеч қандай баёнот бергани йўқ. Уруш ҳолатида ҳар икки томон бераётган ахборотларни мустақил текшириш имкони ҳам йўқ.
Разведка хатосими?
Эсингизда бўлса, Зеленский Оқ уйда Доналд Трамп билан жанжаллашиб қолганидан кейин АҚШ Украинага аввалига ҳарбий ёрдамни, кейинроқ разведка маълумотлари беришни тўхтатиб қўйганди. Катта эҳтимол мана шу ёрдам узилиб қолгани Украина учун фронтда жиддий қийинчилик туғдира бошлади. Айниқса разведка масаласида АҚШнинг Украинадан юз ўгиргани жиддий ўзгариш ҳисобланади. Америка разведкасининг даражаси маълум, айниқса уруш ҳолатида улар янада сергак ишлашади.
Балки Украина америкаликларнинг сифатли разведка маълумотларига ишониб қолиб, фронтдаги ўз ҳарбий разведкасига эътибор қилмай қўйгандир. Нима бўлганда ҳам «қувур операцияси» кўрсатиб қўйдики, бир давлат бош бир давлатга тўлиқ ишонч билдириши ярамайди. Айниқса уруш вақтида.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар