
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги телефон мулоқоти якунланди. Мулоқот икки соатдан ортиқ давом этди. Бу ҳақда Оқ уй вакилига таяниб NBC News хабар берди.
Трамп ва Путин суҳбати АҚШнинг Украина ҳудудида 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш ҳаракатлари фонида бўлиб ўтди. Ушбу суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари узоқ муддатли тинчлик келишувини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилдилар. Киев тинчлик сулҳи тўғрисидаги таклифни қабул қилгани маълум. Энди Вашингтон Москвадан жавобни кутмоқда.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам ТАСС агентлигига телефон мулоқоти якунланганини тасдиқлади.
Бу Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери икки мамлакат етакчиларининг иккинчи марта телефон орқали суҳбатлашиши. Уларнинг биринчи суҳбати 12 феврал куни бўлиб ўтган ва ўшанда суҳбат бир ярим соат давом этган. Мазкур мулоқот натижасида президентлар Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокараларни дарҳол бошлашга келишиб олган.
АҚШ етакчисининг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳам Трамп ва Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтишини хабар қилган эди. «Ўйлайманки, бу ҳафта икки президент ўртасида ҳақиқатан ҳам яхши ва ижобий муҳокама бўлади», — деган у.
Бу мураккаб геосиёсий вазиятда икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқотлари муҳим аҳамият касб этишда давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар