12:48 / 19.03.2025
119

Путин олигархларни иқтисодий инқироз хавфидан огоҳлантирди

Путин олигархларни иқтисодий инқироз хавфидан огоҳлантирди
Россия президенти Владимир Путин мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши муқаррар эканини таъкидлади. У 18 март куни Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) қурултойида сўзлаб, ҳукумат ва Марказий банк иқтисодиётни барқарорлаштириш учун чоралар кўриши кераклигини билдирди.

Иқтисодиётда совиш хавфи

Путин Россия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 4,1 фоизга ўсганини эътироф этди, аммо бу ўсиш доимий эмаслигини ва иқтисодиёт совий бошлаганини таъкидлади. «Марказий банк бир кўрсаткични кўрсатади, ҳукумат ва Иқтисодий ривожланиш вазирлиги бошқа рақамларни тақдим этади. Уларга кўра, ўсиш 2-2,5 фоиз бўлади. Қулаш ёки ҳаддан ташқари совишдан қочиш учун ҳаракат қилишимиз керак», – деди Путин.

Президент бу масала нозик эканини ва уни муҳокама қилиш йиғилишни узоқ муддатга чўзишини таъкидлади. «Буни муҳокама қила бошласак, тунгача йиғилишимиз мумкин», – дея қўшимча қилди у.

Иқтисодий инқироз хавфи ва инфляция даражаси

Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2025 йилда иқтисодиёт ўсиши 4,1 фоиздан 2-2,5 фоизга тушишини тахмин қилмоқда. Марказий банк эса бундан ҳам паст ўсиш – 1-2 фоиз даражасида бўлишини кутмоқда. Шу билан бирга, инфляция кўрсаткичи мақсадли 4 фоиздан анча юқори – 7-8 фоиз атрофида қолиши тахмин қилинмоқда.

Ҳарбий саноат ва иқтисодий келажак

Халқаро экспертлар Россия иқтисодиётининг жадал ривожланиши асосан ҳарбий саноат билан боғлиқ эканини таъкидламоқда. Уларга кўра, бу ўсиш узоқ муддатли бўлмайди ва Россия иқтисодиёти қизиб кетиш аломатларини кўрсата бошлаган. Бундай шароитда иқтисодиётни узоқ муддатли барқарорлаштириш учун ҳукумат ва Марказий банк жиддий чоралар кўриши талаб этилади.

Путиннинг бу огоҳлантириши Россия олигархлари ва йирик саноат раҳбарлари учун жиддий сигнал бўлиб, улар иқтисодий инқироз хавфини юмшатиш учун янги стратегияларни кўриб чиқиши зарур.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг