
Ердаги ҳароратнинг кўтарилиши нафақат иқлим ўзгаришига, балки инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ҳаво намлигининг пасайиши нафас йўлларига жиддий зиён етказиши мумкин. Қуруқ ҳаводан узоқ муддат нафас олиш астма, сурункали йўтал ва аллергик ринит хавфини оширади.
Қуруқ ҳаво ва нафас йўлларига таъсири
Олимлар нафас йўлларини қоплайдиган бронхиал эпителий ҳужайраларини лаборатория шароитида ўрганиб чиқдилар. Улар қуроқ ҳаво шароитида ҳужайралар камроқ ёпишқоқ шиллиқ модда ишлаб чиқараётгани ва яллиғланишни келтириб чиқарувчи ситокинлар фаоллашганини аниқладилар. Бу эса нафас йўлларининг яллиғланишига олиб келади.
Сичқонлардаги тажриба ва натижалар
Тадқиқотчилар сичқонлар устида ҳам тажриба ўтказишди. Улар соғлом ва нафас йўллари касалликларига мойил сичқонларни бир ҳафта давомида қуруқ ҳаво таъсирига қолдирдилар. Натижада уларнинг ўпкасини ҳимоя қилувчи иммун ҳужайралари тўпланиб, яллиғланиш жараёни пайдо бўлди. Бу эса қуруқ ҳаво нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар учун ҳам хавфли эканини кўрсатади.
Иқлим ўзгариши ва келажакдаги хавфлар
Иқлимга оид прогнозлар 2030 йилга келиб Ер юзида ҳаво намлиги янада пасайишини кўрсатмоқда. Бу нафас йўллари қуриши ва шу билан боғлиқ касалликлар тарқалишини кучайтириши мумкин. Айниқса, кондиционерлардан кўп фойдаланадиган одамлар бу муаммога дуч келиш эҳтимоли юқори.
Олимлар қандай тавсиялар бермоқда?
Тадқиқот муаллифлари нафақат ҳавонинг тозалигига, балки унинг намлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидламоқда. Уларга кўра, намлик даражасини нормал ҳолатда ушлаб туриш нафас олиш муаммоларининг олдини олишда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Шунинг учун, мутахассислар уй ва офис хоналарини мунтазам равишда намлаш, кўпроқ табиий муҳитда вақт ўтказиш ва етарлича сув истеъмол қилишни тавсия қилишмоқда. Бу нафақат нафас йўлларини муҳофаза қилиш, балки умумий соғлиқни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар